Ўзбекистон янгиликлари

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:«Ким бир мусулмондан дунё ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ дунё ва охиратда унинг айбларини беркитади. Банда модомики биродарига ёрдам бериб турар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади»(Имом Муслим ривояти). Ушбу муборак ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сизу биз умматларини меҳр-шафқатли бўлишга, ён атрофимиздаги эҳтиёжманд инсонларнинг ҳолидан хабар олишга тарғиб қилмоқдалар.

Юртимизда ёшларга ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларнинг илму-ҳунар олишлари учун барча қулайликлар яратилган. Мазкур хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида шу йилнинг 5 апрель куни Тошкент шаҳар «Новза» жоме масжиди имом-хатиби бошчилигида масжид жамоаси Учтепа туманида жойлашган 199-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабга ташриф буюрди. 

Махсус мактабда ташкил этилган тадбирда имом хатиб Жалолиддин Ҳамроқулов сўзга чиқиб, илм ва унинг фазилатлари ҳақида гапириб, юртимиз азал-азалдан дунёга устоз бўлган уламолари билан машҳур бўлгани, ёшларимиз ҳам улуғ аждодларига муносиб ворис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигини уқтирди.

Тадбир якунида ўқувчиларга масжид маъмурияти ва ҳомийлар томонидан ўқув қуроллари, синф хоналарига ёзув доскалари тақдим этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги 

Read 6712 times

Янгиликлар

Top