Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Наманган шаҳридаги масжиднинг янги биносига тамал тоши қўйдилар

Бугун, 14 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган шаҳрида жойлашган “Мирёқуббой-Мирҳакимбой” жоме масжидининг янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиб бердилар.

Муфтий ҳазратлари ушбу жоме масжидга ташрифлари чоғида мутахассислар билан учрашиб қурилаётган бинони мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам қилиш, хонақоҳларни кенг ва ёруғ бўлиши юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, олиб борилаётган қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш, атрофларини обод ва кўркам этишга алоҳида урғу қаратиш борасидаги муҳим тавсиялар берилди.

Тамал тоши қўйилган ушбу жоме масжиди барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшаётган масжид имомлари, мутаваллилари, фаоллари ҳамда қурувчи-муҳандислар, саховатпеша мурувватли инсонларнинг ҳаққиларига ва уларнинг ўтган марҳумларининг руҳи покига Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб дуои хайрлар қилдилар.

Ишонаманки диёримизда қурилаётган масжидлар тинчлик-осойишталигимиз, халқимиз фаровонлигига, юртимизнинг равнақига гаров кафолат бўлади. Диний-маърифий ишларнинг кўркига кўрк қўшади. Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1515 times

Янгиликлар

Top