Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон туризм салоҳияти Саудия Арабистони матбуоти нигоҳида

Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири - “Ар-Риёд” газетасида “Ўзбекистон элчиси саудиялик саёҳларни ватанига чорлайди” номли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчиси Улуғбек Мақсудов Ўзбекистонга сафар қилаётган саудиялик сайёҳларни қутлар экан, мамлакат ҳукумати томонидан аҳоли саломатлиги ва саёҳатчилар хавфсизлигини ҳимоя қилиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, хорижлик меҳмонларнинг республика бўйлаб мароқли вақт ўтказиши учун барча шароитлар яратилганини алоҳида қайд этди”, - дейилади мақолада.

Муаллиф мамлакатга кириш учун https://mfa.uz/en веб-сайтида тегишли анкетани тўлдириш орқали электрон виза олиш мумкинлигини таъкидлаган.

“Коронавирус билан боғлиқ чора-тадбирлар сабабли Ўзбекистонга ташриф буюрувчилардан келишдан 72 соат олдин (ПЦР) тест топширганлиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилади ҳамда Туркия ва Ҳиндистон орқали келувчилар учун эса икки ҳафталик карантин қоидалари қўлланилади.

Саудиялик саёҳатчилар 2021 йил 12 июндан бошлаб Саудия Арабистонининг “FlyNas” авиакомпанияси томонидан ҳафтасига 3 маротаба йўлга қўйилаётган тўғридан-тўғри рейслар орқали Ар-Риёддан Тошкентга парвоз қилиши мумкинлигига эътибор қаратилган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонга боришни истаганлар https://Uzbekistan.travel/sa/ веб-саҳифасида араб тилида мамлакатнинг туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар билан тўлиқ танишиши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган видеомулоқот ўтказилгани, унда Саудия томонидан Миллий компанияларнинг тадбиркорлик дастури бош директори Бадр бин Иброҳим ал-Бадр ва “Сийра” сайёҳлик компанияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад ал-Халил ҳамда “FlyNas” авиакомпанияси вакиллари, Ўзбекистон томонидан эса инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев, транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ва Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчиси қатнашгани айтилади.

Учрашувда туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш ва тўғридан-тўғри парвозларни кўпайтириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилингани маълум этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлигидан ташриф буюрувчилар ва саёҳатчиларни ўз меҳнат таътилларини Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида мароқли ўтказишга, туристик масканлар, асори-атиқалар ва табиат манзараларидан баҳраманд бўлишга ҳамда Тошкент, Бухоро ва Самарқанд каби тарихий шаҳарларда ўтказиб келинаётган турли тадбирларда иштирок этишга таклиф қилмоқда, - дейилади “Ар-Риёд” газетасида чоп этилган мақолада.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1429 times

Янгиликлар

Top