Ўзбекистон янгиликлари

Уламоларимиз масжид ва маҳаллаларда аҳоли билан маърифий суҳбатлар қуришмоқда

 Хабар берганимиздек, бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламоларнинг пойтахтимиз ва Тошкент вилояти ташрифлари бошланди. Уламоларимиз ташриф давомида Тошкент вилоятидаги масжидларда жума намозини адо этиш асносида жамоатга таъсирли маъруза қилиб бердилар.

***

Масжидда аҳоли билан учрашув

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор Юнусов Янгийўл туманидаги “Эски қовунчи” жоме масжидида аҳоли билан учрашди, уларнинг дарду ташвишларини тинглади.

Шунингдек, уламолар “Ёшлик”, “Гулистон”, “Қовунчи”, “Пистали” ва “Дархон” маҳаллалари аҳолиси билан ҳам дилдан суҳбат қуришди. Учрашув жуда кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.

***

Янги хонақоҳ биноси кўздан кечирилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, таниқли олим Салоҳиддин домла Шарипов Ангрен шаҳридаги “Облиқ” жоме масжидининг янги қурилаётган биносини кўздан кечирди. Устоз қурилиш жараёни билан яқиндан танишиб, ўзининг қимматли маслаҳатларини берди.

***

Эҳтиёжманд оилалар эътиборда

Тошкент вилоятига уламоларнинг ташрифи давомида маънавий-маърифий учрашув, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, таниқли уламолар иштирокида жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши баробарида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан ҳам хабар олинмоқда.

 Ана шундай тадбирлардан бири Бўка туманида бўлиб ўтди. Нуриддин домла Холиқназаров, Собиржон домла Рустамов, Баҳриддин домла Шарипов ҳамда Хумоюддин Тошболтаевлар тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олишди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ҳамда Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Ҳусниддин домла Ортиқов шаҳардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олишди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган совға-саломлар учта ана шундай оилага етказиб берилди.

***

Аҳли илмлар унутилмайди

Тошкент вилоятига ташриф буюрган уламолар кун тартибидан инсон манфаатларига хизмат қиладиган, аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтирадиган, одамларни эртанги кундан рози бўлиб яшашга ундайдиган ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаяпти.

Жумладан, уламоларимиз дин учун хизмат қилиб ўтган азиз инсонларнинг оила аъзоларини зиёрат қилишни ҳам унутишмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, раис маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов, Муҳаммадайюбхон домла Ҳомидов ва бошқа уламолар кўп йиллар давомида динимиз равнақи йўлида катта хизмати сингган Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби марҳум Хайрулла домла Турматовнинг оиласи ҳолидан хабар олишди. Марҳум уламо ҳақига Қуръони карим тиловат қилиниб, Хайрулла домланинг амалга оширган хайрли ишлари эсга олинди.

***

 

Уламоларимизнинг сафарлари давом этмоқда. Тафсилотларни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1189 times

Янгиликлар

Top