Куни кеча Қирғизистон мусулмонлари қурултойи бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилиб, Қирғизистоннинг янги муфтийси сайланди.
Ушбу лавозимга тўққиз киши номзоди қўйилган бўлиб, улар ичидан Замир Ракиев мамлакат олий муфтийси этиб сайланган. Бу ҳақда Қирғизистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати хабар бермоқда. Янги сайланган Замир Ракиев бир неча йил собиқ муфтий ўринбосари бўлиб фаолият юритган.
Маълумот учун, Замир Ракиев 43 ёшда бўлиб, мамлакатнинг Норин вилоятида таваллуд топган. У Ракиев Мисрдаги диний курсларни тугатган, Бишкек гуманитар университетида шарқшунослик бўйича таҳсил олган. 2020 йилда Бишкек қозиси бўлган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари Қирғизистон мусулмонлари диний идорасининг янги муфтийси Замир ҳазрат Ракиевга янги лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўлладилар. Унда жумладан бундай дейилган:
“Ҳурматли, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиев ҳазратлари! Сизни Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб тайинланганингиз билан чин қалбдан, самимий муборакбод этаман. Ушбу шарафли вазифани адо этишингизда, Аллоҳ таборака ва таолодан куч-қувват ва улкан зафарлар тилайман.
Маълумки, халқларимиз азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичган. Хурсандчилик кунларини бирга нишонлаган, оғир дамларида эса бир-бирига ёрдам қўлини чўзган.
Ҳақ таолога шукрки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат президентларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқдир.
Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Қирғизистон мусулмонлари идораси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани бизни жуда ҳам қувонтирмоқда.
Биз дин пешволари халқларимиз орасидаги яқин қўшничилик, дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга, тинчлик-осойишталикни таъминлашга бор куч-ғайратимизни сафарбар этишимиз лозим.
Ҳурматли муфтий Замир қори Ракиев ҳазратлари! Сизни яна бир бор, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий этиб тайинланганингиз билан қутлайман. Ҳақ таборака ва таолодан сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ҳамда иш фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати