Ўзбекистон янгиликлари

Ташрифлар таъсирчан тарзда  давом этяпти 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги уламоларнинг Тошкент шаҳрига ташрифининг иккинчи куни ҳам сермазмун ва муваффақиятли ўтди. Зеро, халқнинг дарду ташвишини эшитиш, уларнинг кўнгли ўксик инсонларнинг ҳолидан хабар олиш кишига куч ва қувват бағишлайди.

Эзгу ишларни қилувчи бундай кишиларни Аллоҳ таоло бундай таърифлайди: «Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар. Уларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги мукофотлари – остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) мангу боғлардир. Улар ўша жойда абадул абад қолувчидирлар. Аллоҳ улардан рози бўлур, улар (Аллоҳдан) рози бўлурлар. Бу (мукофот) Парвардигоридан қўрққан киши учундир» (Баййина сураси, 7–8-оятлар).

* * *

Ташрифнинг иккинчи куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази  ходими Аброр Мухтор Али, Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имоми Шукруллоҳ домла Эгамбердиев Чорсудаги китоб дўконларига ташриф буюриб, адабиётларни кўздан кечирди, сотувчи ва харидорлар билан суҳбат қилди. Юртимизда матбаа соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди.

Китоб – умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, содиқ дўст. Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари таъсирчан восита йўқ. Шу боис қадимдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда китобхонлик ва мутолаа маданиятига қаратилаётган эътиборга кўпчилик ҳавас қилади. Диний-маърифий мазмундаги китоблар эса қалбларимизга файз бағишламоқда.

* * *

Уламоларимизнинг масжидларга ташрифлари ҳамда маърузаларидан мўмин-мусулмонлар маънавий озуқа олишяпти. Зеро, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари экани ҳадиси шарифда баён этилган: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” (Имом Абу Довуд ривояти).

Бугун, 28 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Учтепа туманидаги “Абдуллоҳ ибн Масъуд”, ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Шайхонтоҳур туманидаги “Фирдавс”, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Шайхонтоҳур туманидаги “Оқилон”, Салоҳиддин домла Шарипов “Хўжа Аъламбардор”, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров “Сузук ота”, Абдуқаҳҳор домла Юнусов Учтепа туманидаги “Маҳкам ҳожи ота”, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Собиржон домла Рустамов “Ҳазрати Умар”, Шукруллоҳ домла Эгамбердиев “Уккоша”, Аброр Мухтор Али “Минаввар қори”, Жалолиддин Ҳамроқулов “Ҳувайдо”   жоме масжидларига ташриф буюришди.

Шунингдек, уламоларимиз аср ҳамда шом намозларига ҳам масжидларга боришиб, намозлардан сўнг уламолар шукроналик ва сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маърузалар қилиб беришди.

Айниқса, шом намозига муфтий ҳазратлари ҳамда Нуриддин домла Холқиназаровнинг “Шайх Зайниддин” жоме масжидига ташриф буюришини эшитган намозхонлар жомени тўлдиришиб, гўзал маърузалардан баҳраманд бўлишди.

Учрашувлар ниҳоясида намозхонларнинг саволларига жавоблар қайтарилди.

* * *

Ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков  ҳамда ЎМИ раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовлар пойтахтимизнинг Учтепа, Шайхонтоҳур туманларига ташриф буюриб, бир қанча кўнгли ярим инсонларнинг ҳолидан ҳабар олдилар. 

Ташриф давомида инсонларнинг қалбларига диний соҳа вакилларининг дил изҳору дуолари шоду хуррамлик киритди.

Уламолар ташриф буюрган туманларда яшовчи “Вақф” хайрия жамоат фондига мурожаат қилган оилаларга фонд томонидан ажратилган пул маблағлари ҳамда совғалар етказиб берилди. Бунга мисол тариқасида Шайхонтоҳур туманидаги “Камолон” ва “Каттабоғ”  махалаларида яшовчи кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олингани келтириш мумкин.

* * *

Динимиз буюрган хайрли амалларга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган ташрифлар, хайрли амаллар бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпаяётганининг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси 261-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.

Ҳадиси шарифда: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади”, дейилган.

Хуллас, ташрифлар давом этяпти. Энг муҳими, маҳаллалар аҳолиси билан ўтказилаётган маънавий-маърифий учрашувлар, ҳудудларда яшовчи кишилар билан қилинаётган юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда уюштирилаётган суҳбатлар, савол-жавоблар одамларда жуда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинаётгани мамлакатимизда инсон манфаатлари устун эканлигининг исботидир.

 

  

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

 

Read 1008 times

Янгиликлар

Top