Ўзбекистон янгиликлари

Амри маъруф ва наҳйи мункар – қалб ва руҳ озуқасидир

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этмоқда.

Хусусан, бугун Тошкент Ислом институтининг катта ўқитувчиси устоз Муҳаммад Айюб Ҳомидов Тошкент шаҳри Чилонзор даҳасидаги “Катта Қозиробод” жоме масжидига мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга пешин намозини адо этиш учун ташриф буюрдилар.

Пешин намози жамоат бўлиб адо этилганидан сўнг, Муҳаммад Айюб домла диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб, ваъз-насиҳат қилдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда амри-маъруф қилувчи, ваъз-насиҳат қилувчи бандаларини энг яхши уммат дея мадҳ этган: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларнинг энг яхшиси кимлиги сўралганда у зот алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Шундан сўнг, Муҳаммад Айюб домла масжидга йиғилган жамоатдагилар томонидан берилган турли саволларга жавоб бердилар.

Аллоҳнинг уйларидан бир уй бўлмиш – масжидда жамланган намозхонлар устоз Муҳаммад Айюб Ҳомидовнинг сермазмун маърузалари ва турли саволларга атрофлича берган жавоблари учун ўз ташаккурларини билдирдилар.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1135 times

Янгиликлар

Top