Ўзбекистон янгиликлари

Абдулазиз Комилов АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси билан диний эркинликлар бўйича мулоқот қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтонда АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси, Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси раҳбари Лиза Петерсон билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва демократик эркинликларни таъминлаш, жумладан, давлат бошқарувининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари масалалари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича шароитларни яхшилаш борасидаги асосий ютуқлари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш, шунингдек, диний эркинликларни таъминлашдаги тараққиёти алоҳида муҳокама қилинди.

Америка дипломати Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатни демократлаштириш, жамиятни эркинлаштириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни олқишлади. Шу билан бирга, бюро раҳбари янада эркин жамият қуриш ва самарали давлат бошқарувини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини фаоллаштиришга содиқлигини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 17 ноябрь куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтонда АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси, Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси раҳбари Роберт Дестро билан учрашган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1046 times

Янгиликлар

Top