Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари даволаниш муолажасини олмоқдалар

Шу кунларда Интернет ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликлари тўғрисида турли асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар тарқатилаётгани кузатилмоқда.

Маълум қиламизки, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломатликларини яхшилаш учун навбатдаги даволаниш муолажалари амалга оширилмоқда. Малакали тиббиёт мутахассислари ва шифокорлар томонидан ҳазратнинг соғлиқлари мунтазам кузатиб борилмоқда ҳамда даволаниш босқичлари ўтказилмоқда. Аллоҳ таолога шукрки, айни пайтда муфтий ҳазратларининг сиҳатлари барқарордир.

Одамлар орасида ҳар хил асоссиз ва воқеликка тўғри келмайдиган ёлғон хабарларни тарқатиш муборак Ислом динимизда гуноҳ саналиши, қонунчиликда эса жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2192 times

Янгиликлар

Top