Ўзбекистон янгиликлари

“Мухтасар Фавойидир Рустуфағний” асарининг онлайн тақдимоти ўтказилди

Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси кўмагида Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро тадқиқот марказлари томонидан тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Абдумалик Туйчибоев нашрга тайёрлаган ва Истанбулдаги “Ҳошимия” ноширлик уйида чоп этилган “Мухтасар Фавойидир Рустуфағний” асарининг онлайн тақдимоти ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, тингловчилар ва соҳа мутахассислари иштирокида ўтган ушбу тадбирда Абу Мансур Мотуридийнинг шогирди Абулҳасан Али ибн Саъид Рустуфағний қаламига мансуб мазкур манбага оид Ўзбекистон ва Туркиядаги қўлёзмалар ҳақидаги асосий маълумотлар, асарнинг мазмун-моҳияти ва унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр юритилди.

Маълумот учун, бугунги кунда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Бойли Ота маҳалласи қадимда Рустуфағн деб аталган бўлиб, муаллиф айнан шу ерда туғилиб вояга етган. Али ибн Саъид Рустуфағний кейинчалик Самарқанд шаҳрига бориб, бу ерда Абу Мансур Мотуридий ва Абулқосим Самарқандий каби етук олимлардан сабоқ олган. Унинг “Мухтасар Фавойидир Рустуфағний” китобида асрлар давомида мамлакатимизда амалда бўлиб келган ҳанафия-мотуридия йўналишининг асослари содда ва равон тилда тушунтириб берилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1186 times

Янгиликлар

Top