Ўзбекистон янгиликлари

Шайх Aлижон қори: “Ҳар бир етук шахс ортида аёл кишининг меҳнати ётади”

Хабарингиз бор, бир гуруҳ уламолар Сурхондарё вилоятининг олис ва узоқ туманларидаги масжид, маҳаллаларга ташриф қилиб, масжид қавми, мўйсафид отахонлар, кенг аҳоли вакиллари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказиб келмоқдалар.
Ана шундай файзли учрашувларнинг навбатдагиси Сариосиё туманида бўлиб ўтди. Унда қироат илми устози, 10 та қироат соҳиби, серғайрат олим, мударрис, Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори Шайх Aлижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли иштирок этди.
Устоз Алижон қори дастлаб вилоятидаги Сариосиё туманига қарашли “Сўфи Оллоҳёр” жоме масжидига ташриф буюриб, Қуръони каримдан тиловат қилар экан барчанинг қалбини жунбушга келтирди. Аллоҳнинг каломи қалбларга ҳузур ва дардларга шифо бағишлади.
Шундан сўнг, Каломуллоҳ ҳофизи Қуръони карим ва ундаги ҳикматлар, юртимизда етишиб чиққан буюк муҳаддисларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида нутқ сўзлаб, Аллоҳнинг берган неъматларидан унумли фойдаланишга чақирди.
Қолаверса, Шайх Aлижон қори фарзанд камолотида мунис оналарнинг ўрни ва аҳамияти жуда катта эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳар бир ота-она фарзандининг тарбияси учун масъул эканини унутмасликка чақирди.
Ҳадисларда айтилганидек, фаришталар ҳозир бўладиган илм мажлисининг якунида Шайх Aлижон қори эшитган маъруза ва насиҳатларни бошқаларга ҳам етказишни тайинлаб, жамоатнинг ҳақига дуои хайрлар қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1175 times

Янгиликлар

Top