Ўзбекистон янгиликлари

Эътибор ва меҳрдан кўнгиллар шод

Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш бўйича янги тизимга асос солингани ўзининг амалий ва ижобий натижаларини бераётгани барчамизга яхши маълум.
Шу йўналишда диний соҳа раҳбарлари, бир гуруҳ уламолар халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва ишлаш йўлидаги фаолиятларига ўзгача мазмун, кўтаринки руҳ олиб кириб, бундай ишларни янги босқичга олиб чиқмоқдалар.
Хусусан, Сурхондарё вилоятига Тошкент шаҳридан 21 нафар уламолар ҳамда зиёлилардан ташкил топган гуруҳ ташриф буюриб, кенг халқ оммаси билан маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, масжидларда мавъизалар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга оширмоқдалар.
Ана шундай савобли ишларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманига ташриф буюриб, ушбу туманда истиқомат қилувчи “Меҳр-2” операцияси орқали она-Ватанимизга қайтариб келинган юртдошимиз фуқаролар ҳолидан хабар олиб, улар билан дилдан суҳбат ўтказди. Иброҳимжон домла динимизда она-Ватанга бўлган муҳаббат, ватанпарварлик ҳақида ваъз-насиҳат қилди.
Шунингдек, маҳалладаги кам таъминланган оилалар билан учрашиб, ҳолидан хабар олди. Уларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик киритди.
“Вақф” хайрия жамоат фондининг пул маблағлари ҳамда совғаларини топширди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1087 times

Янгиликлар

Top