Ўзбекистон янгиликлари

Энг афзал хислатдан бири – мусулмонларга манфаат етказиш

 Уламоларимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифлари ҳудудларга файз, кўнгилларга қувонч бағишламоқда.

Бугун қалбларга хурсандчилик киритган учрашувларнинг бири Олтинсой туманида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков иштирок этдилар. У ерда устоз бошчилигидаги гуруҳ, аввало, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд ва бемори бор оилалар ҳолидан хабар олдилар. Уларга “Вақф” фондининг пул маблағлари ҳамда совғаларини топширдилар.

Албатта, халқ қалбига қулоқ солиш, инсонларнинг дард-ташвишларини тинглаш, муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам бериш ажру савоби улуғ амаллардандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Икки хислат борки, ундан афзалроқ нарса йўқдир: Аллоҳга имон келтириш ва мусулмонларга манфаат етказиш. Икки хислат борки, ундан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар келтириш”, дедилар (Ибн Ҳожар Асқалоний Мунаббиҳот асрида келтирган).

Демак, Холиқни таниб, халққа фойда келтириш инсоннинг пировард мақсади бўлиши керак экан.

Шунингдек, Ҳомиджон қори Ишматбеков “Ҳаким Термизий” жоме масжидига ҳам ташриф буюриб, масжид аҳли билан пешин намозини адо этдилар. Намоздан сўнг эса эътиқоднинг инсон ҳаётида тутган ўрни ва тавбанинг фазилатлари хусусида маъруза қилдилар.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1039 times

Янгиликлар

Top