Ўзбекистон янгиликлари

Навбатдаги ўқувлар бошланди

2017 йилнинг 23 апрель куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра XII босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан рўйхат асосида масжид имом-хатиблари иштирок этишди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Марказ директори т.ф.н. Ш.Зиёдов, Марказ директорининг ўринбосари проф. Б.Тураев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зухриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан вилоятлараро суҳбат ўтказишди.

Ўзбекистон Республикасининг марҳум биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Суҳбат асносида тингловчиларга юртимиздаги диний соҳада эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида марҳум Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан жойларда катта-катта масжидлар, азиз-авлиёларимизнинг абадий қўним топган табаррук қадамжолари таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилганини таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ва бу йилда мазкур дастурга асосан юртимизнинг барча вилоятларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари бўйича ҳам атрофлича  маълумотлар айтиб ўтилди. Бугунги кунда юртимизда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ва тараққиёт ишларида имом хатиблар ҳам ўз касбий нуқтаи назаридан келиб чиқиб, динимиз ва давлатимиз ривожига ўзлариниг муносиб ҳиссаларини қўшиши таъкидлаб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги турли бузғунчи экстремистик гуруҳлар фитнасидан доимо огоҳ бўлиш ва жойларда ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари, тадбирларда бу манфур оқимларнинг кирдикорларини фош этиш, имом-хатиблар бугунги кунда янада шижоатли ва жонкуяр бўлишлари, бепарволик ва лоқайдликка йўл қўймасликлари лозимлиги уқтирилди.

24 апрель куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзусида маъруза қилди.

Шундай қилиб, янги босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Read 5160 times

Янгиликлар

Top