Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси Туркиянинг тарихий обидаларни сақлаш тажрибасини ўрганди

Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров бошчилигидаги делегация жорий йил 3-9 август кунлари амалий сафар билан Туркияда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Сафар давомида Туркия маданият ва туризм вазирлиги қошидаги Жамғармалар бош дирекцияси, Туркия архитекторлари ва меъморлари уюшмаси, «PROYAPI» ширкати, «KORO A.Ş.» корхонаси раҳбарлари билан учрашув ўтказилди.

Унда архитектура-шаҳарсозлик, ободонлаштириш, маданий мерос объектларини сақлаш, консервациялаш, реставрация қилиш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ишлари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар натижасида Самарқанд вилоятидаги «Самтехнострой инвест» МЧЖ ва Туркиянинг «PROYAPI» ширкати ўртасида архитектура ва коммуникация лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича меморандум имзоланди.

Самарқанд вилоят делегацияси сафар давомида, шунингдек, Анқара шаҳрининг Кечиорен туманидаги истироҳат боғлари, велосипед йўлаклари, спорт майдончалари, аҳоли учун дам олиш масканлари ва ландшафт дизайн намуналарини кўздан кечирди.

Меҳмонлар, шунингдек, Анқара жамғарма асарлари музейи, Асланҳане, Ченгелҳан, Султон Алааддин масжидлари билан тинишди. Истанбулга сафар чоғида Султанаҳмет, Аясофия, Молла Гюрани, Карие, Рустем паша масжидларини томоша қилиш баробарида қадимий обидаларни сақлаш ва реставрация ишлари билан танишди. Самарқанд вакилларига шаҳардаги йирик бозорлардан бири - Миср бозорида амалга ошрилган ишлар ва тартиб-тамойиллар манзур келди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1133 times

Янгиликлар

Top