Ўзбекистон янгиликлари

Фарғоналик имомлар Қирғизистондаги масжид очилишида иштирок этди

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатлари мустаҳкамланиб, дўстона алоқаларнинг янги эшиги очилди. Қардош халқлар билан барча соҳаларда дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини изчил ривожлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, қўшни давлатлар билан диний-маърифий соҳада ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Қўшни Қирғизистоннинг Баткен вилояти “Карабак” айилида янги масжид очилди. Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов, Фарғона тумани бош имом-хатиби Раҳимжон домла Сотқиналиев ҳамда Қўштепа тумани “Ғиштмон” масжиди имом-хатиби Алимбек домла Илёсовлар Баткен вилояти мусулмонлари қозиётининг таклифига биноан ушбу тантанили маросимда иштирок этдилар.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов Баткен аҳлини янги масжид билан қутлаб, икки давлат раҳбарлари бошчилигида олиб борилаётган яхши қўшничилик муносабатларига тўхталиб, икки қардош халқ азалдан ҳамжиҳат, бир тану жон бўлиб яшаб келгани, бундан кейин ҳам ана шундай муносабатлар бардавом бўлишини таъкидлади.
Тадбир сўнгида уламолар икки юрт тинчлиги ва дўстлигини бардавом бўлишини сўраб дуога қўл очдилар.


Фарғона вилояти вакиллиги Ахборот хизмати

Read 1184 times

Янгиликлар

Top