Ўзбекистон янгиликлари

Билмаганга илм ўргатиш – садақадир

Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Зомин туманидаги “Исохон ота” масжидига пешин намозига ташриф буюрдилар. Намоз ўқилгандан сўнг домла йиғилган жамоатга юртимизда диний-маърифий соҳадаги сўнгги янгиликлар ҳақида хабардор қилиб, ёшлар тарбияси мавзусида ажойиб маъруза қилдилар.

Маълумки, ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади.

Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, имон калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлардан жиддий эҳтиёт бўлиш каби зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Киши фарзандига одоб бериши – бир соъ эҳсон қилишидан афзалдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ – тақрибан 4 килограммдир).
Фарзандларга илм бериш борасида эса Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Билмаганга илм ўргатиш – садақадир”.

Маъруза сўнгида қизғин савол-жавоблар бўлди, хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1332 times

Янгиликлар

Top