Ўзбекистон янгиликлари

Россия мусулмонлари диний идораси Усмонхон Алимов вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирди

Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин Россия мусулмонлари номидан Ўзбекистон халқига ҳамдардлик билдирди.  Унда бундай дейилади: “Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, барча ходимлар ва ўз номимдан, азиз биродаримиз, Ўзбекистон Республикаси Олий муфтийси Шайх Усмонхон Aлимовнинг охират диёрига рихлат қилишлари муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдираман. Ислом динининг асл қадриятлари, Муҳаммад ал-Бухорий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғларнинг маънавий бойликларини қайта тиклашда беқиёс ҳисса қўшган, Ислом уммати ва ўз халқига кўп хизмат қилган уламонинг фоний дунёдаги сафари тугади. Марҳум Усмонхон хазрат Aлимов ўз ҳаётини атеистик тузум даврида қурий деб қолган маънавий ҳаёт идишларини тирик мазмун билан тўлдириш, янги авлод имомлари, уламолари ва Қуръон ҳофизларини тарбиялашга бағишлади.

Усмонхон Aлимовнинг вафоти Ўзбекистон халқи ҳамда бутун мусулмон уммати учун улкан йўқотишдир. Aллоҳ субҳанаҳу ва таолодан биродаримизнинг руҳини қабул қилиб, гуноҳларини кечиришини ҳамда қиёмат куни жаннати наъимдаги улуғ даражотлар билан мукофотлашини сўраймиз. Оламлар Парвардигори марҳум муфтийнинг барча эзгу ишлари ва ниятларини қабул қилсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин.

Яратгандан Усмонхон Aлимов биродаримизнинг оиласи ва яқинларига ушбу синовда сабри жамил тилайман.

Дарҳақиқат, барчамиз Aллоҳникимиз ва Унгагина қайтамиз!

 

Read 1263 times

Янгиликлар

Top