Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон зиёрат туризми ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинади

Мамлакатимиз Жанубий Кореядаги элчихонасида ЮНЕСКО фольклор ижодиёти халқаро ташкилотининг Осиё бўйича Бош котиби, профессор Мун Хюнг Сук билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларига бағишланган ҳужжатли фильм суратга олиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ҳудудидаги ислом маданиятининг меъморий обидаларига бағишланган ушбу ҳужжатли фильм 30 дақиқа давом этадиган кўп қисмли телевизион дастурнинг бир қисми бўлади. Ушбу дастур учун 2020 йилдан бери Хитой, Ҳиндистон, Япония, Мўғулистон, Исроил, Туркия, Саудия Арабистонидаги энг қадимий обидалар ҳамда муқаддас қадамжоларга бағишланган ҳужжатли фильмлар суратга олиниб, эфирга узатилмоқда.

Жанубий Кореянинг «KNN» телерадиокомпанияси томонидан яратилаётган фильм учун маслаҳатчи вазифасини бажарувчи Мун Хюнг Сук Ўзбекистоннинг бой ислом маданияти ва илм-фани ривожида алоҳида ўрин тутишини таъкидлади. У сценарийга кўра, фильмда мамлакатимизнинг ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси сифатида тан олинган ёдгорликлари, ислом маданияти намуналари ва зиёрат туризми обидалари намойиш этилишини таъкидлади.

Ушбу ҳужжатли фильм Жанубий Корея телевидениеси орқали жорий куз фаслида эфирга узатилиши ва келажакда халқаро кинофестивалларда тақдим этилиши режалаштирилган.

Учрашув натижаларига кўра, томонлар мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш тўғрисида келишувга эришди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1155 times

Янгиликлар

Top