Ўзбекистон янгиликлари

Тақдимот: Истиқлолнинг 30 йиллиги арафасида 100 га яқин диний-маърифий китоб халқимизга туҳфа этилди

Бугун, 25 август куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Истиқлолнинг 30 йиллигига бағишланган диний-маърифий нашрлар тақдимоти” бўлиб ўтди.

Нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров, Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азизбек Абдуҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Диний идора тизимидаги уламолар, мударрис ва соҳа мутахассислари қатнашди.

Маросимда Истиқлолимизнинг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий тадқиқот марказлари томонидан амалга оширилаётган ишлар сарҳисоби ва ушбу муассасалар нашр этган 100 га яқин китоблар тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда диний-маърифий соҳада, жумладан, буюк аждодларимизнинг беқиёс асарларини ўрганиш, тадқиқ этиш ва чоп этиш бўйича кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётгани, ана шундай эзгу ишларнинг натижасида кўплаб мўътабар китоблар юртимизга олиб келинаётгани, мавжуд қўлёзмалар таржима қилиниб мўмин-мусулмонларга тақдим этилаётганини алоҳида таъкидланди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтарилган XIII-XIX асрларга оид қимматбаҳо маданий бойликлар: қўлёзма китоблар, араб, форс ва турк тиллардаги қадимий шеърлар ва кулолчилик буюмларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топширди.

Тадбирда диний соҳа мутасаддилари томонидан қуйидаги маълумотлар берилиб, нашр этилган китобларнинг тақдимоти ўтказилди:

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти давомида 12 та китоб ва рисола нашрга тайёрланган, айни пайтда уларнинг 5 таси китоб ҳолида нашр этилган, 7 та китоб эса таржима қилинган. Жумладан, “Бухоро – Ислом олами маданияти пойтахти” китоб-альбоми, шайх Абдулазиз Мансурнинг “Коран. Краткий комментарий” – Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси, олий таълим муассасалари талабалари учун “Диншунослик” ва “Религиоведение” китобларининг тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон ислом академияси томонидан нашрга тайёрланган Буюк ватандошимиз Мажуддин Муҳаммад Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” китоби тақдим этилди. Ислом тарихида бола ҳуқуқлари бўйича ёзилган илк асар бўлган “Жомиъ аҳком ас-сиғор” китоби биринчи марта ўзбек тилига таржима қилиниб, ундан танлаб олинган юзта фатво ўзбек китобхонлари эътиборига тақдим этилганини алоҳида таъкидланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари 30-жузи, Имом Бухорийнинг “Сулосиётул Бухорий”, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг “Муснад”, Жалолиддин Суютийнинг “Лубобул ҳадис”, Абу Бакр Розийнинг “Туҳфатул Мулук” асарларининг ўзбекча таржималари, замонавий исломшуносликка оид “Исломофобияни бартараф этиш омиллари”, “Исломда ижтимоий иллатлар муолажаси”, “Илмдан ўзга нажот йўқ” китоблари, “Барҳаёт аждодларимиз” рукни остида чоп этилган 12 та рисола ҳамда Марказнинг “Имом Бухорий сабоқлари” нашрининг махсус сони тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Марказ фаолияти давомида 78 та китоб ва рисола нашрга тайёрланган, шундан 54 таси чоп этилган, 21 таси эса таржима қилинган.

Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази фаолияти даврида 10 та рисола, 6 та китоб, 6 та ақида матнлари ва турли мавзудаги ўқув-услубий қўлланмалар ва бошқа турдаги адабиётлар чоп этилган. Шулардан Абу Мансур Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асари 29-жузи, Мулла Али Қорийнинг “Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарларининг ўзбекча таржимаси, замонавий исломшуносликка оид “Халқаро ислом ташкилотлари”, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик: метод ва таҳлиллар”, “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар”, “Долзарб раддиялар” каби асарлар, “Юртимиз алломалари” рукни остида чоп этилган рисолалар ва “Мотуридийлик” журнали тақдимот қилинди.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази бугунги кунга қадар 66 та китоб ва рисола нашрга тайёрланди. Улардан 45 таси китоб ҳолатида чоп этилгани, 14 таси таржима қилинган. Шулардан Ҳаким Термизий рисолалари, Имом Термизийнинг “Ҳадис иллатлари”, “Эҳтиётлар”, “Тариқат одоби”, “Қайтарилган амаллар”, “Яширин масалалар” каби асарларининг ўзбекча таржимаси, Сўфий Аллоҳёр ҳазратларининг “Саботул ожизий” асари шарҳи ва бошқа китоблар тақдимоти бўлди.

Тадбир сўнгида мутассадди вакиллар ОАВ ходимларининг диний-маърифий соҳадаги илмий изланишлар ва ноширлик фаолияти тўғрисидаги саволларига атрофлича жавоб беришди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1158 times

Янгиликлар

Top