Ўзбекистон янгиликлари

Ҳаракатлар стратегиясига бағишланган йиғилиш

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Тараққиёт стратегияси маркази ходими Акбар Эргашев иштирок этди. У ўз нутқида Ҳаракатлар стратегияси ўзбек давлатчилиги тарихида янги босқични бошлаб бергани, ушбу ҳужжатда ҳаётий ислоҳотлар ва уларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгилангани, у давлат ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ҳаракатлар стратегияси бўйича ишлаб чиқилган Давлат дастурида бошқа соҳаларга катта эътибор қаратилганидек, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашнинг ҳам оптимал йўллари ишлаб чиқилгани таъкидланди. Тараққиёт стратегияси маркази Ҳаракатлар стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиа-майдон вазифасини ўтаётгани айтилди.

Тошкент Ислом институти проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев Ҳаракатлар стратегиясининг диний экстремизмга қарши курашиш борасидаги аҳамиятига тўхталар экан, экстремистларнинг уч тоифага бўлинишига эътибор қаратиб,

– Уларнинг биринчиси, дин вакилининг бошқа дин вакили билан асло муросага келмаслиги; иккинчиси, бир диннинг ичидаги муросасизликлар ва учинчиси, халифалик даъво қилувчилар. Ана ўшаларнинг ўзлари ҳам бир-бирларининг ашаддий душманлари ҳисобланади, – деди ва бундай бузғунчи кучларга қарши мамлатимизда самарали курашилаётганини таъкидлади.

 Сўнгра йиғилиш иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари дуоси билан йиғилиш ниҳоясига етди.

 

Read 7293 times

Янгиликлар

Top