Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: Уларнинг айби - буюк бўлгани

Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди.

У ерда жамоатчилик ватанимиз фидойилари, миллий истиқлол йўлида қурбон бўлган аждодларимиз хотирасини ёд этиш учун йиғилди. Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

Мустабид тузум даврида юртимиз озодлиги учун курашган 100 мингдан ортиқ ватандошларимиз қатағонга учраган. Уларнинг қанчаси “халқ душмани” деган туҳмат билан шафқатсиз отиб ташланган. Яна қанчаси сургун қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилган. Оилалари пароканда бўлиб, мол-мулклари тортиб олинган. Бу мудҳиш жиноятдан муштипар момоларимиз, оналаримиз ҳам омон қолмаган. Минглаб аёллар бева, болалар етим қолган.

Бу нафақат уларнинг авлодлари, балки бутун халқимиз юрагидаги оғриқдир. Шу боис орадан шунча вақт ўтса-да, барчамиз ўша мудҳиш даврни изтироб билан эслаймиз.

2001 йилдан буён 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Ватан фидойиларининг ҳаёти ва меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу йил Шаҳидлар хотираси хиёбонида бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи биноси реконструкция қилинди.

Давлатимиз раҳбари ушбу музейни кириб кўрди. У ерда яратилган шароитлар, тарихий ҳужжатлар билан танишди.

- Кўриниб турибдики, катта салоҳиятга эга етакчилар, олимлар, адиблар, шифокорлар, ўқитувчилар қатағон қилинган. Улар халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Уларнинг айби - буюк бўлгани, - деди Шавкат Мирзиёев.

Афсуски, шу пайтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмаган эди. 2020 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Тарихчи олимлар жалб этилиб, зулм қурбони бўлган барча инсонларни аниқлаш ва номларини тиклаш бўйича катта ишлар бошланди. Чет эллардаги архив ва музейлар, кутубхона ва фондлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилиб, илмий экспедициялар ташкил этилмоқда. Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фанлар академияси ва бошқа ташкилотларнинг архивларидан янги-янги маълумотлар топилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда қатағон қурбонларига бағишланган музейлар ташкил этилди. Уларда расмий материаллар билан бирга оилавий архивларда сақланиб қолган кўплаб тарихий ҳужжатлар, ноёб суратлар тўпланмоқда. Қатағон қурбонларининг номлари, уларнинг ҳаёти ва фаолияти вилоятлар, туманлар кесимида аниқланмоқда. Бу маълумотлар асосида кўп жилдлик “Қатағон қурбонлари” китоби нашрга тайёрланаяпти.

Президентимиз бундай катта, илмий асарлар билан бирга мактаб ўқувчилари учун содда тилда, кичик-кичик китоблар чиқариш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга Тарих институтининг илмий ходимларини бириктириб, ҳар бир ҳудуддаги жадид боболаримиз, қатағон қурбонлари номини тиклаб бориш бўйича кўрсатма берилди.

Давлатимиз раҳбари тарихни ўрганиш ва ўргатиш вазифалари ҳақида гапирди.

- Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик. Бировга ёқадими-ёқмайдими, ғуруримизми-армонимизми, муваффақиятми ё хиёнатми - ҳаммасини ҳаққоний ёзиш керак, - дея таъкидлади Президент.

Ҳақиқатни тиклаш борасидаги яна бир қадам - шу йил 25 август куни Ўзбекистон Олий суди томонидан 115 нафар қатағон қурбони оқланди. Президентимиз бу қарорни олқишлади.

– Орадан қарийб юз йил ўтиб адолат қарор топди. Миллий истиқлолимиз учун кураш олиб борган, лекин реабилитация қилинмай қолган 115  нафар бобомизнинг пок номлари оқланди. Ҳали бундайлар қанча? Ватанпарвар инсонларнинг шаънини тиклашга қаратилган эзгу ишларни давом эттириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлди. Давлатимиз раҳбари аждодлар хотираси, бугунги мустақиллик ва тинчлик қадри ҳақида гапирди.

- Жадид боболаримиз юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга борини бағишлаган. Бунинг бадалини ўз жонлари билан тўлаган. Биз бугунги мустақиллик, тинчлик, эркинлик шароитида уларни эслашимиз, эъзозлашимиз ҳам қарз, ҳам фарз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Дунёда бўлаётган воқеаларга огоҳ кўз билан қараш, тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш муҳимлиги таъкидланди.

- Ҳамма натижалар, мана шундай байрамларимиз тинчлик туфайли. Ишларимиз, ибодатларимиз тагида илм-маърифат бўлиши керак. Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларини ташкил этдик. Буюк муҳаддис ва ислом дини уламоларимиз асарлари нашр этилмоқда. Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун шу масалаларга қаратилган. Имом-хатиблар, диний жамоатчилик маънавиятни юксалтириш, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия беришга бундан буён ҳисса қўшадилар, деб ишонаман, - деди Президент.

Аллоҳдан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб дуо қилинди.

манба: https://president.uz/uz/lists/view/4592

Read 1141 times

Янгиликлар

Top