Ўзбекистон янгиликлари

“Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари ўзбекча нашрининг тақдимоти ўтказилди

Кеча, 30 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Жомиъ аҳком ас-сиғор” (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарининг тақдимоти бўлиб ўтди. Коронавирус шароитини ҳисобга олган ҳолда, офлайн ва онлайн тарзда ўтказилган ушбу тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бу ҳақда Миллий марказ матбуот хизмати хабар берди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тақдимотни очиб берар экан, авваламбор, бола ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкам кафолатланганини таъкидлади. Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси ҳисобланади. Айниқса, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида бу борада бир қанча муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Ўз навбатида, жиззахлик машҳур фақиҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари бундан 800 йил аввал дунё тарихида бола ҳуқуқларига бағишлаб ёзилган илк ҳуқуқий манба эканини алоҳида қайд этиш лозим. Бундай нодир асар мавжуд эканининг ўзиёқ олис тарихда юртимизда забардаст уламолар ва фиқҳшунос олимлар томонидан кўпгина ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан, ислом ҳуқуқининг тизими, моҳияти, манбалари ва ривожланиш босқичлари мукаммал ўрганилиб, бу борада нодир асарлар яратилганини яққол тасдиқлайди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансурнинг сўзларига қараганда, машҳур “Ҳидоя” асари муаллифи Бурҳониддин Марғинонийнинг истеъдодли шогирди Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарида фиқҳга оид юзга яқин манбада тарқоқ ҳолда келтирилган, ёш болаларга тааллуқли шаръий фатволар ва ҳукмлар жамланган. Ушбу асар ёш болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли бир минг икки юздан ортиқ фатво ўрин олган ягона фиқҳий манбадир.

Тақдимотда сўзга чиққан сиёсий фанлар доктори, профессор Зоҳидулло Мунавваровнинг қайд этишича, Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний китоби ХIII асрда битилган бўлиб, XIX асрга қадар бу каби махсус тўплам яратилмаган. Ғарб дунёсида 1804 йилда қабул қилинган Франция фуқаролик кодексида биринчи бор болалар ҳуқуқи масаласи қайд этилган ва ундаги жами 2 минг 281 та модданинг атиги 5 таси бола ҳуқуқларига тегишлидир.
АҚШда 1908 йилга келибгина “Ювенал ҳуқуқ”, яъни бола ҳуқуқлари бўйича қонунчиликкка асос солинган. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, юртимиз алломалари Ғарб дунёсидан қарийб 600 йил аввал ўз асарларида бола ҳуқуқларини мустаҳкамлаб қўйганидан далолат беради.

Китобни нашрга тайёрлаган исломшунос олим Муслим Атаев “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари содда ва халқчил, равон ва юқори илмий савияда ёзилгани билан ажралиб туришига эътиборни қаратди. Ўзбек тилига илк бор таржима қилинган ушбу китобни нашрга тайёрлаш ишларига Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент давлат шарқшунослик университети мутахассислари ва мамлакатимизнинг етакчи исломшунос олимлари жалб этилган.

Тадбир якунида мустақиллик йилларида мамлакатимизда жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда халқимизга етказиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Иштирокчиларнинг фикрича, «Жомиъ аҳком ас-сиғор»даги шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган. Шу маънода, бу китоб ота-оналар ва болаларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда вазифаларини танитишда ажойиб дурдона асар сифатида қадрлидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1485 times

Янгиликлар

Top