Ўзбекистон янгиликлари

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир

Бухоро сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг маслаҳатчиси, Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” масжиди имом-хатиби, фазилатли устоз Салоҳиддин домла Шарипов Бухоро шаҳридаги “Болои Ҳовуз” жомеъ масжидига ташриф буюрдилар. Устоз дастлаб жамоат билан пешин намозини адо этдилар, сўнгра масжид қавмига гўзал мавъиза қилиб бердилар.

Сермазмун маъруза давомида Ислом гўзал хулқ дини экани, илмли ёшлар тараққиёт асосчилари бўлиши, илму ирфон инсоният камолоти экани ҳақида мавзуларида маъруза қилдилар. Масжид аҳли устознинг маърузаларини тинглаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Дарҳақиқат, Ислом дини таълимотларида илм-маърифатга юксак эътибор қаратилгани барчамизга маълум ҳақиқатдир. Инсон илмга интилишига мукофот ўлароқ аввало ўзлигини англайди. Ким ўзини таниса, Парвардигорини ҳам танийди. Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифат манбаи, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса – инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди.

Динимизда илмни диний ва дунёвийга ажратилмайди. Модомики инсоннинг дунёси ёки охиратига фойдали билимлар бўлса, уларнинг ҳаммаси мақталади, ўрганишга тарғиб қилинади. Фақат сеҳр каби инсониятга зарар етказадиган, одамларни ҳалокатга олиб борадиган билим бўлмаслиги керак.

Ҳадиси шарифларда бирор илм соҳасига урғу берилган бўлса, алоҳида ажратиб кўрсатилган. Масалан, диний билимлар соҳиби бўлишнинг фазилатлари ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Яна бир ҳадисларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Маърифий суҳбат якунида Аллоҳ таолодан она диёримиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуои хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 962 times

Янгиликлар

Top