Ўзбекистон янгиликлари

Туркия Диёнат ишлари бошқармаси вакили: "Ота юрт ва унинг халқига хизмат қилишга доим тайёрмиз!"

Шу йил 9 сентябрь куни Туркия Диёнат ишлари бошқармаси диний нашрлар бўлими бош мудири доктор Фотиҳ Курт бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Ўткир Ҳасанбаев ва Иброҳимжон Иномов қабул қилди.
Мулоқот аввалида Туркия давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси диний масалалар бўйича маслаҳатчиси Иброҳим Гемичи марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳ ҳақларига Қуръони карим оятларидан тиловат қилди. Ўз навбатида Диний идора раҳбарияти ҳамдардлик ва дуои-хайрлар учун миннатдорлик билдирди.

Самимий учрашув чоғида икки давлат раҳбарларининг самарали ҳамкорлиги туфайли мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва ҳар томонлама алоқалар йилдан-йилга ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Фотиҳ Курт жаноблари Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раҳбари Али Эрбош ҳазратларининг марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳнинг вафоти муносабати билан ўзининг чуқур таъзиясини йўллаганини изҳор этиб, бутун умрини дин, миллат ва Ватан хизматига бахшида этган серғайрат олим, фазилатли инсон, марҳум муфтий Усмонхон Темирхон ўғли раҳимаҳуллоҳнинг беқиёс хизматларини юқори баҳолади. Марҳум муфтий ҳазратлари нафақат Марказий Осиёда, балки бутун мусулмон оламида, хусусан, Туркияда маълум ва машҳур эканини айтиб ўтди.

Меҳмон сўзида давом этиб, бу юрт исломий илм ва маданиятнинг ўчоғи экани, бу ердаги асл манбани ҳис этиш, ҳавосидан нафас олиш, сувидан қониб ичиш нақадар бахт эканини изоҳлади. Шунингдек, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, диний масалалар бўйича маслаҳатчиси Иброҳим Гемичи Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан яхши муносабатларни йўлга қўйгани, ҳамкорликда самарали ишларни амалга оширганини ҳамда дўстона алоқалар бундан кейин ҳам давом этишини мамнуният билан тилга олди.

Иброҳим Гемичи турк ва ўзбек халқлари бир дарахтнинг шохлари каби эканини изоҳлаб, ўзбек халқи 70 йиллик собиқ иттифоқ даврида ҳам ўзлигини йўқотмагани, шунча даврдан кейин ҳам ўз маданияти ва урф-одатларини сақлаб қолгани ҳамда айни кунларда ривожланишда давом этаётганини юқори баҳолади.

У ўз сўзида “Биз динимизни сизнинг уламолардан ўрганганмиз” деган эътирофни айтди. Шунингдек, ушбу юртда хизмат қилиш билан бирга шу заминда ижод қилган Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломаларга эҳтиром сифатида 500 та ҳадисни ёд олганини билдирди.

Самимий руҳда ўтган учрашувда келгусидаги ҳамкорлик алоқалари бўйича келишиб олинди. Якунда меҳмонларга эсдалик ҳадялар улашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1169 times

Янгиликлар

Top