Ўзбекистон янгиликлари

Ватандин яхши ёр бўлмас! (фотолавҳа)

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда, яъни 21–25 октябрь оралиғида мен, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур бек домла Раупов ва Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имом-хатиби Шукрулло домла Эгамбердиев Россия Федерациясининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида хизмат сафарида бўлиб турибмиз.

Биз Россия Федерациясидаги диний соҳа вакиллари – Рушан ҳазрат Абясов,  Ильдар ҳазрат Аляудинов, Ислам ҳазрат  Ахмеджанов Руфать ҳазрат ва бошқа таниқли уламолар билан учрашувлар ўтказиш асносида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига янги сайланган Нуриддин домла Холиқназаровнинг дуои хайр ва саломларини ҳамкасбларимизга ҳамда Россияда меҳнат қилаётган ватандошларимизга етказяпмиз.

Ўз навбатида, россиялик уламолар ҳам Нуриддин домла Холиқназаровни масъулиятли вазифа – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланганлари билан самимий табриклашди.

* * *

Бугун, яъни 22 октябрь куни Москва шаҳридаги “Проспект Мира” жоме масждидида жума намозидан сўнг Россияга ўқиш, иш, саёҳат ва бошқа мақсадлар ила келган ватандошларимиз билан ватанпарварлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, Ватанган муҳаббат, оилага садоқат каби мавзуларда маърифий суҳбатлар уюштирдик.

Дарҳақиқат, Ватан бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган энг буюк неъмат бўлиб, у ҳақда ҳар қанча ёзсак ҳам яна қайсидир жиҳатлари қолиб кетаётгандай, гўё мисралар ожиз, рангсиз, ғарибдай туюлавераркан. Ватан ҳақида айтмоқчи бўлганларимиз эса, беҳисоб. Шунчалар кўпки, ҳисобдан адашиб кетамиз баъзан.

Ислом динида ҳам Ватанган муҳаббат энг улуғ туйғу сифатида қадрланади. Ватанни севиш туйғусини Аллоҳ таоло ҳазрати инсоннинг қалбига жо айлаган. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Одам Ватанини, гарчи у чўл бўлса ҳам, борича севади. Ватанга муҳаббат туйғуси – савқи илоҳий. Инсон ватанидан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди», деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб кетаётиб йиғладилар. Маҳзун ҳолда она шаҳри Маккага қайта-қайта қараб: “Қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши маконисан ва Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар мени сендан чиқармаганида, асло чиқмасдим”, деганлар (“Фатҳул борий”).

Набий алайҳиссалом она шаҳридан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Лекин доим ўзлари туғилиб-ўсган Макка сари талпинар эдилар. Аллоҳ таолонинг: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган Зот, шакшубҳасиз, сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир» (Қасас сураси, 85-)ояти нозил бўлгач, таскин топдилар.

Мўътабар ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини ниқтаганлари келтирилган. Имом Ҳумайднинг ривоятида: “Мадинани севганларидан уловни ниқтардилар”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарида ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга, Ватанни севиш зарурлигига ҳам ишора қилади”, деганлар.

Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен Ватандан айрилиқдек оғир синовга дучор бўлмаганман” (“Ҳулятул авлиё”), деган.

Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч нарса унинг ўрнини боса олмайди. Чўлу биёбонда туғилган инсонга жазирамадан қайнаган саҳродан, совуқ ўлкаларда киндик қони тўкилган одамга абадий музликлардан қадрли маскан йўқ.

Минг шукрки, бизга ватан бўлган заминда, тўрт фасл мужассам, оқар дарёлар, баланд тоғлар, гўзал водийлар, кенг воҳалар, ҳатто чўлларимиз ҳам бор. Аллоҳ таоло бизни ана шундай бебаҳо неъмат билан сийлаган.

Ғазал мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий ватанни бундай таърифлайди:

Ғурбатда ғариб шодимон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмиш.

Ватанни севиш ва эъзозлаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадрият. Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк мутафаккирларимиз ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт билан боғлаганлари, уларнинг номини дунёга маълум ва машҳур қилганлари ҳам аслида бир ибратдир.

Шундан ибрат олиб, чет элларда иш, ўқиш ва меҳнат қилиш мақсадида юрган ҳар бир ватандошимиз буюк аждодларимизга муносиб бўлиб, бошқа давлатлар фуқаролари олдида Ўзбекистон деган азиз юртнинг вакили сифатида ахлоқ, муомала, юриш-туриш ва бошқа барча масалаларда ибрат бўлиши керак. Бу ҳам Ватанган муҳаббат, халққа садоқатнинг бир намунасидир.

Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган.

Буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур тақдир тақозоси билан Ватанни ташлаб, Ҳиндистонга кетишга мажбур бўлади. Мусофир юртларда жуда катта ҳудудга ҳукмдор бўлса-да, бир умр юртни қўмсаб ўтди, Ватан ҳажрида шеърлар битди. Бир куни Фарғонадан олиб келинган қовунни шоҳ олдига олиб киришганда болаликлари ўтган масканнинг неъматини кўриб, юртни соғиниб, йиғлаб юборди ва: “Ватан ишқида юрагим бўлди қовундек тилим-тилим” дейди.

Замонасининг йирик алломаларидан, минглаб муридларга эга бўлган Нажмиддин Кубро мўғуллар босқинидан хабар топиб, биринчилардан бўлиб ватан ҳимоясига отланди. Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги мавқеини билиб, мўғуллар ҳукмдори унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ўз жонини сақлаб қолиш йўлида Ватанини ёвга топширишни ор билган аллома босқинчиларга қарши жангга киради ва мардларча  шаҳид бўлади.

* * *

Сафаримиз давомида хориждаги ватандошларимиз истиқомат қилаётган ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, уларни ёт ғояларнинг бузғунчи оқибатларидан огоҳлантириш, динимизнинг асл моҳиятини етказиш, юртимизда барча соҳаларда амалга оширилиётган ислоҳотлардан хабардор қилишни кўзлаганмиз.

Аллоҳ таоло сафарларимизни бхатар, хайрли ва манфаатли айласин!

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Москва шаҳридан махсус

Read 1186 times

Янгиликлар

Top