Ўзбекистон янгиликлари

Қалблар: “Ё Расулуллоҳ”, дея ўртанди (фотолавҳа)

Бу туйғу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам туғулган Рабиул аввал ойи муносабати билан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўтказилган сийрат мусобақасида қатнашган ҳар бир кишини қамраб олди.

Институтдаги “Октябрь – Сийрат ва ислом тарихи фани ойлиги” муносабати билан 3-курс талабалари ўртасида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандур!” шиори остида ўтказилган Сийрат мусобақасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари Саиджамол Масайитов ва Акбар Дўстматов, институт ректори Уйғун Ғофуров, олийгоҳ устоз ва талабалари, ота-оналар қатнашди.

Мусобақада тўрт кишидан иборат тўрт жамоа сийратга доир тўрт шарт асосида билим ва қобилиятларини намойиш этишди. Унда бир гуруҳ видео чиқиш қилди. Қолган гуруҳлар аъзоси Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бағишлаб ёзган шеърини ифодали ўқиб беришди.

Иккинчи шарт сийратга оид савол-жавоб, учинчиси эса саодат асрига оид воқеа-ҳодисаларни сўзлаб беришди. Тўртинчи шарт Пайғамбар алайҳиссалом билан боғлиқ тарихий воқелар асосида саҳна чиқиш қилинди.

Эътиборлиси, талабаларнинг пухта тайёргарлиги, ҳакамларнинг шаффоф ва ҳаққоний баҳоси сабаб якунда уч жамоа бир хил натижани кўрсатди, яна бири эса бир балл фарқ билан тўртинчи ўринни эгаллади. Сўнгра ҳакамлар ҳайъати бир хил бални олган уч жамоага мусобақадан кўзда тутилмаган бешинчи шарт – гуруҳ аъзосига бир савол бериш орқали ғолибларни аниқлашди.

Шунингдек, ушбу ой муносабати билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом сийратини яхшироқ ўрганиш мақсадида Тошкент ислом институти расмий канали – Oliymahad.uz орқали ўтказилган викторина ва ижодий ишлар танлов совриндорлари ҳам эълон қилинди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ўз мухбиримиз

Read 1146 times

Янгиликлар

Top