Ўзбекистон янгиликлари

Имомлар тақдирланди

Бугун, 2021 йил 1 ноябрь куни Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозилиги мажлислар залида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2021 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этган энг фаол шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Анжуман, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳауддинов кириш сўзи билан очиб, имом-хатиблар ва отинойиалр олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталди.

Йиғилишда нашриёт Даврий нашрлар бўлими мудири Толибжон Низомов мазкур нашрларга обунани 2022 йил учун янада кўпроқ ташкил этиш, халқимизга маърифат улашиш, зиё тарқатишда  нашрларнинг аҳамияти тўғрисида сўз юритди. Ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги очилаётган масжидлардан фотосуратлар, жойлардан мақолалар уюштиришга келишиб олинди.

“Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасининг қорақалпоқча иловаларига масъул Юсуф Сабуров ҳам тизимдаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида имом домлалар билан маслаҳатлашиб олди.

Йиғилиш сўнгида обунани уюшқоқлик билан ташкил этаётган шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар  “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар Нукус шаҳрида янгидан бунёд этилаётган иккита масжиднинг қурилиши жараёнлари билан танишди. Аллоҳнинг байти тез ва қисқа фурсатда мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилишини Яратгандан сўраб, хайрли дуолар қилинди.

 

 

 

 

Т.НИЗОМОВ

Нукусдан махсус

Read 1722 times

Янгиликлар

Top