Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат: Масжид – маънавият ва маърифат маскани

 

Бугун, 3 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳудудлардаги диний-маърифий ишлар билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар ва аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиш мақсадида, Тошкент вилоятига ташриф қилдилар.
Сўнгги беш йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг натижаларини ҳар қадамда учратиш мумкин. Муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг муфтий вазифасига сайланганларидан илк ташрифларини Тошкент вилоятидан бошлашларида ҳам рамзий маъно бор. Чунки бу ҳудуд пойтахтга яқинлиги, обод масжидлар ва табаррук қадамжолар кўплиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Имом-хатиблар билан мулоқот Қуръон тиловати ва эзгу дуолар ила бошланди. Мажлисни олиб борувчи Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов муфтий ҳазратларини масъулиятли вазифага сайланганлари муносабати билан самимий табриклади.
Муфтий ҳазрат чиқишларида имом-хатиблик юки, ажру савоби, имом ҳар бир ишида Аллоҳ таолога тақво қилиши, масжид – маънавият ва маърифат маскани бўлиши, қавм ибодатига масъуллиги, Мотуридия таълимоти, Ҳанафий мазҳаби ҳукмларини оммага чиройли етказиши, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшишда имом-домлалар пешқадам бўлишлари зарурлигига алоҳида тўхталдилар.
Ҳозирги мураккаб даврда имом-хатибларимиз ҳар қачонгидан ҳам кўп меҳнат қилиши, янада огоҳ бўлиши, четдан кириб келадиган бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларида жонбозлик кўрсатишларига муфтий ҳазратлари катта урғу қаратдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов йиғилишда ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқларда имом-домлалар янада фаол бўлиши, тарғибот ишларида замонавий усуллардан кенг фойдаланиши лозимлиги бўйича бир қатор тавсияларни берди.
Сўзга чиққан нотиқлар масжидлардаги қурилиш-таъмирлаш ишларини тартибга солиш, имом-хатиблар илму маърифатларини мунтазам ошириши, жума ва бошқа суҳбатларга пухта тайёргарлик кўриш, халқчил чиқишларни кўпайтириш, вакант ўринларни тўлдириш, имом-хатибларни рағбатлантириш чораларини кўриш ва ҳудудий вакилликлар билан ҳамжиҳатликда меҳнат қилишга катта эътибор қаратдилар.
“Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси тарғиботида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ имом-хатиблар “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти томонидан совғалар билан тақдирланди.
Йиғилишда сўнггида Муфтий ҳазратлари томонларидан Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, ёшларни илм-маърифатга чорлаш ва меҳнат мигрантлари билан учрашувларда фидойилик кўрсатган Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов мақтов ёрлиғи билан тақдирланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1944 times

Янгиликлар

Top