Ўзбекистон янгиликлари

Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари халқаро алоқаларни кенгайтирмоқда

Туркияда бўлиб турган Ўзбекистондаги Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари мутахассислари Ислом тафаккури институти ва «ТРТ Аваз» телерадиоканалида учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.


Ислом тафаккури институти директори, доктор Меҳмет Гўрмез билан кечган мулоқотда Туркия вакиллари Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш, соф ислом дини таълимотини кенг тарғиб этиш, буюк аждодларимиз қолдирган бой меросни ёшларга етказиш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракталар билан таништирилди.


Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодларнинг меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш мақсадида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилгани алоҳида қайд этилди.


Доктор Меҳмет Гўрмез Мовароуннаҳр ислом тамаддунининг бешиги ҳисобланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шу сабабли бугунги кунда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихида эришган шонли мавқеини қайта тиклаш бўйича қилинаётган сайъ-ҳаракатларни фақат олқишлаш керак.


- Биз барчамиз Имом Бухорийни севамиз. Имом Мотуридийга бўлган муҳаббатимиз чексиз, - деди Меҳмет Гўрмез. - Шу билан бир қаторда, янги Имом Бухорийлару Имом Мотуридийларга ҳам муҳтожмиз. Мотуридийлик таълимотини чуқур ўзлаштирган, бугунги куннинг долзарб масалаларига ечим топа оладиган кадрларни тайёрлаш долзарб вазифа бўлиб турибди. Бу борада Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликка тайёрмиз.


«ТРТ Аваз» телерадиоканали директори Седат Сағиркая билан бўлиб ўтган суҳбатда ислом дини ривожига салмоқли ҳисса қўшган аждодларимиз ҳақидаги телематериалларни ҳамкорликда яратиш, хусусан Имом Бухорий ва Имом Мотуридий марказлари фаолиятини бутун туркий оламда тарғиб этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.


Телеканал вакиллари билан Ўзбекистондаги муқаддас қадамжолар, диний илм масканлари, илмий тадқиқот марказлари фаолиятига доир туркум кўрсатувлар тайёрлаш бўйича келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1511 times

Янгиликлар

Top