Ўзбекистон янгиликлари

Қирғизистон уламолари пойтахтимизда

Хабар берганимиздек, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар юртимизда бўлиб турибди. Мартабали меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳамроҳлик қилмоқда.

Мартабали меҳмонлар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида бўлиб, диний соҳа ходимлари билан учрашди, водийдаги диққатга сазовор жойлар, муборак қадамжоларни зиёрат қилишди, муҳташам жомеларда мўмин-мусулмонлар билан кундалик намозларни адо этиб, маърифий суҳбатларда қатнашиб, қардош халқ уламолари бир-бирига ўзаро ҳадялар улашдилар.

Кеча, 18 ноябрь куни пойтахтимизга Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий З.Ракиев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Қадрли меҳмонларни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфиддинов кутиб олиб ҳамроҳлик қилди.

Мулоқот давомида Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий З.Ракиев: «Бундай алоқаларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат учун ҳам манфаатлидир. Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк муҳаддислар, Имом Мотуридий ва Имом Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий каби буюк алломаларнинг киндик қони тўкилган ўлкага ташриф буюриш кишида фахр-ифтихор уйғотади, албатта. Ўзбекистон ва Қирғизистон тили, дини, урф-одатлари бир бўлган икки мамлакатдир. Давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши ҳар бир соҳанинг ривожида муҳим ўринга эга. Бизни ўзбекистонлик маслакдошларимиз ажойиб кутиб олишди. Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан чегарадаги кўпгина ноқулайликларнинг бартараф этилгани эса алоҳида таҳсинга сазовор. Биз делегация аъзолари Шавкат Мирзиёев жанобларини яна Ўзбекистон Республикасининг Президенти лавозимига сайланганликлари билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий домлани янги лавозимларга сайланганликлари билан қутлаймиз. Уларнинг хайрли ишлари баракали бўлишини Аллоҳ таолодан сўраймиз. Юртингизда дин пешволарига яратилган имкониятлар учун мутасаддиларга раҳмат айтамиз. Ўзбекистонга келиб, аҳли илмлар, устозлар билан кўришиш, улар билан фикр алмашиш жуда катта бахтдир. Илиқ ва самимий муносабат учун бутун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирамиз», – деди.

Делегация аъзолари аср намозини Тошкент шаҳридаги кўркам масжидлардан бири бўлган “Минор” жомесида адо қилишди. Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар бундан-да ривожланиши ва мустаҳкамланиши учун хайрли дуолар қилинди. Меҳмонлар ва мезбонлар бир-бирларига эсдалик совғаларини улашишди.

Қирғизистонлик уламоларнинг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

Ташриф тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1647 times

Янгиликлар

Top