Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистон бош масжидига буюк аждодимиз ал-Фаробий номи берилди

Қозоғистон пойтахтидаги Нур Остона масжидига Шарқнинг атоқли олими ва мутафаккири Абу Носир ал-Фаробий номи берилди, деб хабар бермоқда Казинформ ахборот агентлиги.

Бу ҳақда 19 ноябр куни масжид ҳудудида ўтказилган тантанали маросимда маълум бўлди. Islam.ru хабарига кўра, жума куни тадбир бўлиб ўтди.

"Ўтган ҳафта Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, олий муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули раислиги остидаги Президиумнинг йиғилишида Олимлар Кенгашидан "Нур Остона" масжидини қайта номлаш таклифи тушган эди. Диний идоранинг бўлим бошлиқлари, вилоят имомлари ва марказий идора ходимлари масжид номини ўзгартириш учун овоз бердилар. Натижада 15 йиллик тарихга эга бўлган масжидга энди мутафаккир олим Абу Наср ал-Фаробий номи берилишига қарор қилинди",-дейди Нур Султон масжиди бош имоми Ерболат Жусипов.

Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб қабул қилинган қарор натижасида бугун собиқ масжид номи ёзилган лавҳа расман олиб ташланди ва унинг ўрнига янги Абу Наср ал-Фаробий масжиди номи ёзилган лавҳа ўрнатилди. Ал-Фаробий Шарқ файласуфи, математиги ва олими. Ўрта асрлар Шарқ фалсафасининг йирик вакилларидан бири.

Фан ва маданият оламида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган улуғ мутафаккир, забардаст олим, буюк алломалардан бири, шубҳасиз, Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Форобийдир (873—950). Абу Наср Форобий «Шарқ Арастуси», «Иккинчи муаллим» номлари билан Ўрта Осиё маданиятининг асосчиларидан бирига айланганлиги бежиз эмас эди, албатта. Форобийнинг шахси ва ижоди кўпгина олимларнинг диққатини ўзига жалб этган бўлиб, у ҳақида кўпдан-кўп тортишув ва мунозаралар бўлиб турар эди.

Унинг сўнмас илмий ва маданий мероси таъсири остида дунёнинг жуда кўп маданият вакиллари, жумладан, Низомий Ганжавий, Шота Руставели, Носир Хисрав, Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Григор Тативаци, Иоане Петритси, Роджер Бекон, Сичер Брабантский ва бошқа юзлаб фан фидойилари шаклланган, ўзлигини англаб, мустақил ижод йўлини топиб олганлар, десак муболаға бўлмас. Абу Наср Форобий ўрта аср фани ва маданиятининг барча муҳим соҳаларини тўла эгаллаган буюк алломадир. Унинг 160 дан ортиқ асар ёзиб қолдирганлиги маълум. Таниқли форобийшунос академик М.Хайруллаэв ўзининг «Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири» асарида Форобий асарлари турли мамлакатлардаги машҳур шаҳарлар: Санкт-Петербург, Москва, Тошкент, Боку, Қозон, Қоҳира, Байрут, Дамашқ, Истанбул, Берлин, Лондон, Париж, Мадрид, Ню-Ёрк, Ҳайдаробод, Исфахон, Бомбей, Теҳрон ва бошқа кўплаб шаҳарларнинг катта кутубхоналарида, давлат ва шахсий қўлёзма фондларида сақланиб, эъзозланиб келаётганлиги ҳақида ёзади.

Нур Остона масжидининг очилиши 2005 йил 22 йил мартда Наврўз байрами шарафига бўлиб ўтди. "Ҳазрат Султон" масжиди очилишидан олдин Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги энг йирик масжид бўлган. Масжиднинг баландлиги 62 метр бўлган тўртта минораси бўлиб, асосий гумбазининг баландлиги 43 метр, умумий майдони эса 3930 метрни ташкил этади. Қурилиш 2002 йилдан 2005 йилга қадар амалга оширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1580 times

Янгиликлар

Top