Ўзбекистон янгиликлари

“ШАРҲУ АҚОИДИ НАСАФИЯ” АСАРИНИНГ АКАДЕМИК ИЛМИЙ-ИЗОҲЛИ ТАРЖИМА ИШЛАРИ БОШЛАНДИ

Жорий йилнинг 9 октябрь санасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоиди Насафия” (Насафийнинг Ақида асарига шарҳ) асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси асосида уч йиллик амалий лойиҳанинг молиялаштирилиши тасдиқланган эди.

2021 йил 26 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида “InnoWeek.Uz-2021” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида 2021-2024 йилларда амалга ошириладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурларига киритиладиган амалий лойиҳалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тақдирлар маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижрочилигида таржима қилиниши режалаштирилган “Шарҳу ақоиди Насафия” асари Давлат буюрмаси асосида ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа раҳбари Аминов Ҳамидулла Абдураҳимович Инновацион ривожланиш вазири Aбдурахмонов Иброхим Юлчиевич томонидан махсус сертификат билан тақдирланди.

Қайд этиб ўтиш лозимки, мазкур лойиҳа  Инновацион ривожланиш вазирлигининг мақсадли лойиҳаларга қўйилган талаблари асосида бир неча босқичдан муваффақиятли ўтиб, Ҳайъат аъзолари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан аниқланган эди.

Таъкидлаш лозимки аллома Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоди Насафия” асарини тадқиқ қилиш ва ундаги ақидавий масалаларни илмий асосда таҳлил қилиш каломга оид масалаларга аниқлик киритади. Шунингдек, халқимизга Ислом динининг асл моҳиятини тўғри етказишда бу асар аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу билан бирга ҳозирги кунда мавжуд турли хилдаги диний-сиёсий гуруҳлар ва бузғунчи мафкураларга қарши курашда, мазкур асардан ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкинлигини ҳам айтиш зарур.

Мазкур асарни ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, халқимиз, айниқса, ёшларимизни чин инсоний фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш, улар қалбида аждодларга муносиб авлодлар бўлиш ҳамда турли бузғунчи, адашган оқимларга қарши раддиялар бериш кўникмаси шаклланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Эслатиб ўтамиз ушбу асар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти мутахассисларидан иборат ижодий гуруҳ томонидан таржима қилиниб китобхонлар оммасига тақдим этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бош мутахассиси Ў.Собиров

Read 1817 times

Янгиликлар

Top