Ўзбекистон янгиликлари

Англашув меморандуми имзолашга келишилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига айни кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркиянинг Думлупинар университети ректори, профессор Козим Уйсал ҳамда мазкур университет қошидаги Бакалавриатдан кейинги таълим институти директори, профессор Шоҳмурод Арик ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов ва директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиевлар кутиб олишди.

Ташриф Марказ музейи фаолияти билан танишувдан бошланди. Музейдаги экспонат ва қўлёзмалар меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди. Мартабали меҳмонлар Марказда илмий фаолият олиб бориш учун яратилган шароитлар, хусусан, кутубхона ва ундаги китоб жамғармаси, қадимий қўлёзма нусхаларини сканерлаш бўлими ҳамда анжуманлар залини ҳам кўздан кечирди.

Шундан сўнг икки томонлама ҳамкорликка оид мулоқот бўлиб ўтди. Унда Марказ директори Ш.Зиёдов меҳмонларга Марказнинг мақсад ва вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари, шунингдек, Туркиядаги таълим муассасалари билан ўрнатилган узвий ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берди.

Думлупинар университети ректори Козим Уйсал ўз навбатида кўрсатилган илтифот учун миннатдорлик изҳор этиб, мамлакатимизда ислом илмлари ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларидан мамнун эканлигини билдирди.

Туркиянинг Кютаҳя шаҳрида жойлашган Думлупинар давлат университетига 1974 йилда асос солинган. Бугунги кунда тасарруфида 3 та институт, 10 та факультет ва 14 та касбий-техник ўқув юрти мавжуд бўлган мазкур университетда 45 минг нафарга яқин талабага салкам 700 нафар профессор-ўқитувчи таълим беради.

Айни пайтда Туркиянинг энг яхши 50 та олий ўқув юрти рўйхатига киритилган ушбу таълим даргоҳида талабаларга ўқиш давомида талаба алмашинув дастурларида иштирок этиш имконияти ҳам қилинган. Университетда иқтисод ва маъмурий билимлар, муҳандислик, таълим, фан ва санъат, меъморчилик каби факультетлар билан бирга ислом илмлари факультети ҳам фаолият юритади.

Мулоқот давомида университет ва Марказ ўртасидаги ҳамкорликни мазкур факультет имкониятлари асосида йўлга қўйиш, жумладан, ўзаро талаба ва илмий ходим алмашинувини жорий этиш, соҳага оид илмий қўлланма ва таълим дастурларини яратиш ҳамда қадимий қўлёзмаларни биргаликда тадқиқ қилиш масалалари муҳокама этилди ва ушбу йўналишда истиқболда ҳамкорликка оид Англашув меморандумини имзолашга келишиб олинди.

Ташриф якунида томонлар ўзаро адабиётлар ва эсдалик совғалари алмашди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1336 times

Янгиликлар

Top