Ўзбекистон янгиликлари

Қорақалпоғистонда яна битта масжид ўз фаолиятини бошлади

Хушхабар: Ўзбекистонда масжидлар сони 2101га етди!

Чимбой тумани «Кенгес» овул фуқаролари йиғинидаги янгидан очилаётган «Юсуф ота» жоме масжидининг қурилиши 2020-йили бошланган эди. Орадан бир йил вақт ўтиб, барча қулайлиқларга эга, ихчам ва атрофлари обод масжид иморати тадбиркорлар ва маҳаллий аҳоли томонидан қуриб битказилди.

Бугун ушбу масжиднинг очилиш маросими бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов, Чимбой тумани ҳокими А.Тажетдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи А. Отеўлиев, масжид имомлари, нураний оқсоқоллар ва «Кенгес» овули турғунлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар сўнги йилларда диний соҳадаги ютуқлар, республикамизда қисқа вақитнинг ичида амалга ошаётган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар ва ислоҳотлар ҳаққида айтиб ўтди. Масжид қурилишига яқиндан ёрдам берган тадбиркорларга, қурилишчиларга ва овул турғунларига ўзларининг миннадорчилигини билдирди.

Бу иншоот тумандаги 2-масжид бўлиб, бу ерда барча имкониятлар яратилган. Бу масжидда биринчи марта ўқилган жума намозида халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини тилаб дуолар қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистонда масжидлар сони 2101 га, Қорақалпоғистонда эса 58 масжидга етди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдинги 57-масжид шу ойда Қанликўл тумани «Қос жап» овул фуқаролари йиғини ҳудудидан «Атажан хўжа» номи билан иш бошлаган эди.

Янгидан иш бошлаётган масжидларимизни Аллоҳ таоло муборак қилсин. Қиёмат кунига қадар мўмин-мусулмонлар учун хизмат қилишини насиб қилсин.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

ЎМИ Масжидлар бўлими

Read 1794 times
Tagged under

Янгиликлар

Top