Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар олдидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди

Шу йил 11 декабрь куни Халқаро ислом академиясида мамлакатимиз ҳудудларида меҳнат қилаётган жами 216 нафар бош имом-хатиблар билан диний соҳа раҳбарлари иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари имом-хатибнинг фазилатларини баён этиш баробарида у, аввало, илмли, тақволи ва одобли бўлиши, насиҳатга аввало ўзи амал қилиши, воқеликдан хабардор бўлиши, доимо маслаҳат билан иш тутиши, юриш-туришда оммага ибрат бўлиши, минбар ва меҳроб омонатини чуқур ҳис этиши, ўзига доимо танқидий баҳо бериши ва фитналарнинг олдини олиши ҳамда ёши улуғлар, аҳли илмларни ҳурмат қилиши каби сифатлар ҳақида Қуръон, суннат ва ҳикматларда келган муҳим тавсияларни тақдим этдилар.

Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, имом-хатиб дин хизматчиси бўлиш билан бирга, жамиятдаги ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси сифатида ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши, шу боис ҳам, имом-хатиб мунтазам ўз устида ишлаши, билим ва малакаларини сайқаллаб боришини алоҳида қайд этдилар.

Мулоқотда сўзга чиққан нотиқлар масжидлар ва имом-хатибларни замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш, имом-хатиблар ён-атрофдаги воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлиши, медиа макон одоблари, нутқ маданиятига риоя этиши, ёшлар таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиши, уларни зарарли таъсирлардан асраши, неъматларга шукрона ҳиссини ўргатиши, оилавий ажримларнинг олдини олишга катта урғу қаратиши каби муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар кун сайин яхшиланиб бораётгани, масжидлардаги шароитлар ҳавас қиладиган даражада бўлаётгани ҳамда Қуръон ва тажвид курслари фаолияти кенгаяётгани тўғрисида мулоқотда қайд этиб ўтилди.

Аввал хабар берганимиздек, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда туман/шаҳар бош имом-хатибларининг диний-маърифий билимларини ошириш учун 72 соатли ўқувлар ташкил этилди. Машғулотларни олиб бориш учун таниқли уламолар, тажрибали устозлар ва профессор ўқитувчилар жалб этилган ҳолда энг замонавий услубларда маърузалар ўқилди.

Ҳудудлардаги бош имом-хатиблар мулоқотда айтилган тавсиялар, насиҳатлар ва топшириқлар манфаатли бўлганини билдириш баробарида ташкил этилган мазкур касб-маҳоратни ошириш машғулотлари жуда ҳам фойдали бўлгани, иш фаолиятда дастурил амал бўлишини эътироф қилишди.

Учрашув самимий ва ишчан руҳда ўтди. Якунда фаолиятга оид қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3247 times

Янгиликлар

Top