Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Фаластин элчисини қабул қилдилар

Шу йил 14 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Фаластин элчиси Муҳаммад Абдуллоҳ Таршаҳоний жанобларини қабул қилдилар.


Учрашув аввалида муфтий ҳазратлари элчи жанобларига муфтий вазифасига сайланганлари муносабати ила йўллаган табрик учун миннатдорлик изҳор этдилар. Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Фаластин ўртасидаги дўстлик ва кўп томонлама ҳамкорлик равнақ топаётгани, жумладан, диний соҳадаги алоқалар янада ривожланиб бораётгани, икки халқ ўртасида асрлар давомида шаклланган ришталар бугунги кунда ҳам янгича мазмун касб этаётгани ҳамда ўтмишда ота-боболаримиз Фаластин ерларига сафарлар қилганларини алоҳида қайд этдилар.


Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Қуддус шаҳрида жойлашган муқаддас макон – Масжиди Ақсо ёхуд Байтул Мақдис Маккадаги Масжидул Ҳаромдан кейин қурилган энг қадимги масжид экани, у мўмин-мусулмонлар учун азизу мукаррам экани, Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масжидни уч муқаддас масжиддан бири сифатида таърифлаганларини келтирдилар.


Элчи Муҳаммад Абдуллоҳ Таршаҳоний жаноблари самимий қабул ва Фаластин ҳақидаги илиқ фикрлар учун ташаккур айтиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан Фаластиндаги Фатво ва Қозилар уйлари ҳамкорлигини ташкил этишни таклиф этди. У Ақсо масжиди фаластинликлар учун катта неъмат экани, унинг омонлиги учун мўмин-мусулмонлар дуо қилишларини изҳор қилди. Қуръони каримдаги “Исро” сурасида нафақат Ақсо масжиди, балки унинг атрофидаги Фаластин ерлари ҳам муқаддас эканига аниқ ишоралар борлигини билдирди.


Фаластиннинг Ўзбекистонга ўхшаш жиҳатлари жуда кўп экани, хусусан, диний бағрикенглик муҳитида бу ўхшашлик яққол намоён бўлиши, турли дин вакиллари қадим-қадимдан бирга яшаб келаётганларини элчи жаноблари мисол сифатида келтирди.


Мулоқотда икки давлатнинг фатво марказлари ҳамкорликлари яхши натижа бериши, сўнгги йилларда араб давлатлари элчихоналари, исломий ташкилотлар билан алоқалари мустаҳкамланаётгани, Ўзбекистон мўмин-мусулмонлари Фаластиндаги муаммолар тинчлик ва музокара йўли билан ечим топиши тарафдори экани ҳамда ушбу ҳудудлардаги кишиларга Ҳақ таолодан тинчлик-осойишталик сўрашлари тўғрисида сўз юритилди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Read 1286 times

Янгиликлар

Top