Ўзбекистон янгиликлари

Қуръонни юзлаб мусулмонлар ёд олди

Туркиянинг шимоли-шарқидаги Ризе вилоятида Қуръонни ёд олган юзлаб талабалар учун битирув маросими бўлиб ўтди. Қуръонни ўрганаётган жами 571 нафар талаба, жумладан, 149 нафар аёл ўз гувоҳномаларини олди. Уларнинг барчаси сабоқларни олганларидан сўнг бутун Муқаддас китобни ёддан билиб олдилар.

Ҳофизлар, уларнинг устозлари ва оила аъзолари иштирок этган маросимда сўзга чиққан Туркия дин ишлари бўйича бошқарма раис муовини Иброҳим Ҳилми Карсли Қуръон ўргатиш инсонийлик, тинчлик ва ахлоққа хизмат қилишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, мамлакатда араб тилининг ривожланишида Қуръонни ёд олганлар муҳим роль ўйнайди.

Илоҳиётчи, шунингдек, Муқаддас китоб таълимотига мувофиқ ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлади. Вилоят муфтийси Наси Чақмақчи иштирокчиларни қутлаб, Қуръони Каримнинг каломи ва моҳиятини биладиган фозил ёшларни тарбиялашга интилаётганларини айтиб ўтди.

Islamisemya.com хабарига кўра, тадбир сўнгида бир гуруҳ ҳофиз талабалар қисқа сураларни ўқиб бердилар. Шундан сўнг 571 нафар ўқувчига ҳофизлик гувоҳномалари билан бирга турли совғалар топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1182 times

Янгиликлар

Top