Ўзбекистон янгиликлари

Қимматли асарларни сақлаш қийин ва серхаражат иш

Қадим замонларда ҳукмдорлар ўз саройларида «Ёзув девони» ёки «Котибхона» номли бир бўлим очган, уларда котиблар қўлёзма материалларни ёзиш ёки кўчириш билан шуғулланишган.

– Қўлёзма асарлар яратиш Шарқда узоқ тарихга эга, – дея фикр билдиради Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий.

– Полиграфия саноати вужудга келгунига қадар бўлган даврда олимлар, шоирлар, санъаткорлар ва ёзувчиларнинг кўплаб асарлари вақт ўтиши билан йўқолиб кетарди. Албатта, айрим узоқни кўзлаб иш тутувчи ҳукмдорлар ҳамда истеъдодли ёзувчилар ва олимлар яратилган интеллектуал асарларни чиройли ёзувда келажак авлодларга эсдалик ва мерос сифатида қолдиришга уринишган. Ушбу муҳим ишда Султонали Машҳадий каби хаттотларнинг роли ва ўрни алоҳида бўлган.

ЎзА хабарига кўра, бугунги кунда қўлёзма асарлар номи билан машҳур бўлган мероснинг бир қисми жаҳондаги турли музейлар, тадқиқот марказлари ва олий ўқув юртлари кутубхоналарида, бошқа бир қисми эса шахсий кутубхоналар ва коллекцияларда сақланмоқда.

Маълумки, ушбу қимматли асарларни сақлаш қийин ва серхаражат иш бўлиб, уларни келажак авлодларга тўла-тўкис етказиб беришнинг энг яхши йўли уларни нашр қилиб, тадқиқотчилар ва бошқа қизиқувчилар эътиборига ҳавола этишдир.

Эрон Ислом Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ҳам адабиёт, шеърият, тарих, фалсафа, математика, мусиқа, астрономия, тиббиёт, фармацевтика, география ва турли санъат соҳаларига оид қўлёзма асарларнинг бой ва қимматли коллекцияларига эга бўлган давлатлар сарасига киради. Ушбу мамлакатларда сақланаётган қўлёзма асарларнинг катта қисми форс тилида эканлиги икки мамлакат халқлари ўртасидаги чуқур маданий ва тарихий муштаракликлардан дарак беради.

Қўлёзма мерос Эронда китоб, мактуб, ҳужжат ва хариталар шаклида Миллий архив ташкилоти, Парламент кутубхонаси, Малик музейи, Теҳрон университети кутубхонаси ва бошқа таълим ва тадқиқот муассасаларида сақланади. Уларнинг катта қисми китоб ҳолида нашр қилинган ёки уларнинг электрон нусхалари яратилган бўлиб, тадқиқотчилар ва бошқа қизиқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Бугунги кунга қадар Эронда уч юз минг нусхадан ортиқ қўлёзма асар миллий даражада рўйхатдан ўтказилган.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, Ўзбекистонда мавжуд бўлган қўлёзма асарлар ҳам Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона, Мусулмонлар идораси кутубхонаси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кутубхонаси ҳамда бошқа таълим ва тадқиқот муассасаларида сақланмоқда. Маълумотларга кўра мазкур қўлёзма китобларнинг аксарияти форс тилида.

Форс тилида битилган қўлёзма асарлар Эрон ва Ўзбекистондан ташқари Афғонистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Туркия ва Россия, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари, шунингдек, дунёнинг бошқа кўпгина мамлакатларида мавжуддир.

Шубҳасиз, ушбу қўлёзма асарлар инсониятнинг умумий мероси, бойлиги, аждодлардан ҳозирги ва келажак авлодларга қолдирилган қимматли хазина бўлиб, уларни кўз қорачиғидек авайлаб-асраш ҳамда тадқиқотчилар ва олимлар эътиборига ҳавола этиш барчамизнинг вазифамиздир.

Албатта, ушбу машаққатли ва шарафли ишни амалга ошириш қўлёзмалар билан ишлаш бўйича замонавий билим ва тажрибага эга бўлган ҳамда ушбу қўлёзмалар яратилган тилни мукаммал биладиган мутахассисларни тайёрлаш, Шунингдек, бу соҳада кенг халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни талаб қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 977 times

Янгиликлар

Top