Ўзбекистон янгиликлари

Сурхондарёга зиёратга борувчилар сони ошиб бормоқда

Сурхондарё ўзининг бой туристик салоҳияти билан дунё сайёҳларида катта қизиқиш уйғотиб келади. Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган турли даврларга оид археологик ёдгорликлар, аждодларимизнинг юксак дид ва маҳорати билан барпо этилган муқаддас мақбаралар маҳаллий ва хорижлик меҳмонларга бой таассурот улашади. Вилоятда 561 та маданий мерос объекти давлат рўйхатига олинган. Уларнинг 444 таси археологик ёдгорликлар, 32 таси ислом зиёрат туризми ва 8 таси буддизм иншоотларидир.

Бу ҳақда ЎзАга Сурхондарё вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зебинисо АЛИМАРДОНОВА маълум қилди. Унинг айтишича, якунига етаётган йилда маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларга 101 та туристик намойиш объекти хизмат кўрсатди.

“Зеро, кейинги йилларда бой тарих ва маданиятга эга Сурхон воҳасидаги Ҳаким Термизий, Султон Саодат, Исо Термизий мажмуалари, Сўфи Оллоёр, Мавлоно Муҳаммад Зоҳид мақбараси, Кокилдор хонақаси сингари буюк зотлар мангу қўним топган ёки улар номига қадимда барпо этилган сўлим гўшаларни зиёрат қилишга интилиш кучайди.

Зурмала, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Будрачтепа, Холчаён каби узоқ ўтмишдан сўйлайдиган археологик ёдгорликларни, Тешик тош, Мачай ғори, Эски Термиз, Қирққиз, Искандар кўприги, Жарқўрғон минораси каби тарихий-маданий ёдгорликларни кўришга иштиёқмандлар, Омонхона, Хўжаипоқ сингари шифобахш булоқ сувларидан баҳра олишга қизиқувчилар сафи янада ўсиб бораётган эди. Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2019 йил вилоят дунёнинг 114 давлатидан 120 мингга яқин хорижий ва 502 минг маҳаллий сайёҳга мезбонлик қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 625 мингга яқин сайёҳ келди. Уларнинг 25 мингга яқини хорижлик ва 600 мингдан ортиғи маҳаллий сайёҳлардир. Ваҳоланки, пандемия бошланган ўтган йили 4 минг 200 нафар чет эллик ва 14 минг 700 нафар маҳаллий сайёҳ келган эди”, - дейди Сурхондарё вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси вакили.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1277 times

Янгиликлар

Top