Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент тарихини ўрганишга хизмат қилаётган обида

Ҳар бир йилни сарҳисоб қилар эканмиз, юртимизда йил давомида амалга оширилган ижобий ишлар бир-бир кўз ўнгимиздан ўта бошлайди. Ўтган йил давомида Туризм ва спорт вазирлиги томонидан бир қатор йирик лойиҳалар, жумладан, халқаро тадбирлар амалга оширилди. Вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг малакали мутахассисларидан иборат жамоаси ҳам аждодлардан мерос тарихий обида ва ёзгорликларимизнинг ўтмиши, бугунги аҳволини ўрганиб, миллатимизнинг бебаҳо мулки бўлган маданий ёдгорликларни кейинги авлодларга беками-кўст етказилиши учун зарур чораларни кўришга киришдилар.

ЎзА хабарига кўра, юртдошларимизга ҳар бир маданий мерос объектининг ўз ўрни ва аҳамияти борлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб боришни бошлаб юборди. Қувонарли томони, жаҳонга машҳур обидаларни таъмирлаш ва реставрация-консервация қилиш тадбирлари билан бир қаторда, айнан шундай тарихий обидалардан маданий, маърифий маскан сифатида фойдаланиш ҳам бошланди.

Шундай эзгу воқеалардан бири -- Ўзбекистон Миллий маданий мерос рўйхатига киритилган Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги энг қадимги ёдгорликлардан бири бўлган, “Пичоқчилик” маҳалласининг марказидаги XIX аср меъморий обидасида “QUSHTUT” галереяси ва “Ўзбек ёзуви ва китобот санъати” доимий экспозициясининг тантанали очилиши бўлди. Тадбир “QUSHTUT” галереяси таъсисчиси ва директори Мадина Орипованинг кириш сўзлари билан бошланди:

- “QUSHTUT” галереяси жойлашган бу тарихий ва меъморий ноёб обида шу маҳаллада яшаган, ўзи татар миллатига мансуб бўлган тошкентлик маърифатпарвар савдогар Шарофейбай Зайнагеддинов маблағлари ҳисобига барпо этилган. Бу бутун бошли комплексни бизнинг давримизгача етиб келган бир кичик фрагменти бўлаги холос. Бадавлат савдогар, саховат соҳиби, давлат ва жамоат арбоби бўлган бу инсон ўз мол-мулкининг катта қисмини маърифат ва эътиқод йўлида хайр-эҳсон қилган - мадраса, мактаб, масжид, йўл ва йўқсилларга уйлар қурдирган.

Мазкур меъморий ёдгорлик 1869 йилда қуриб тугатилган. Бу бино ёнидаги мадрасада 200 га яқин талабалар таҳсил олишган. 1937 йилга келиб, мадраса бузиб ташланган. Бино аввалига қамоқхона, кейин омборхона, пойафзал устахонаси, кейинчалик эса бу ерда автомобиль созлаш устахонаси ишлаб турган.

2013 йилдан бир гуруҳ ўлкашунослар, маҳалла фаоллари, тарихчилар бирлашиб, бу обида тарихини ўрганиб чиқишди. Унинг кўмилиб, шўр босиб кетган, қаровсиз ташлаб қўйилган девор ва чириб кетган устунлари пойдеворигача қазиб тозаланди. Ушбу обидани маънавий аҳамиятини тиклаш мақсадида турли таклифлар ичидан энг муносиби танлаб олинди. Муносиб таклифга хос равишда тадбиркор инвестиция киритиб, обидада маънавий, маърифий ва илмий, оммабоп фаолият олиб борувчи “QUSHTUT” галереяси ташкил этилди. Бино ичида “Ўзбек ёзуви ва китобот санъати” доимий экспозицияси шакллантирилди. Бу экспозициядан мана шу маҳаллада яшовчилар ўз ҳовлиларини қазиш пайтида топиб олинган ва харид қилинган ноёб ва қимматбаҳо керамика ва кошин парчалари, эски терракота ва мойчироқлар, турли қадимшунослардан олинган қадимги, аждодларларимиз, айнан тошкентлик жадидлар фойдаланган сиёҳдонлар, қаламдонлар, архитектура безаклари майоликалар бўлаклари, ўзбек, туркий, араб ва форс тилларида битилган қадимий ноёб қўлзёзмалар, XIX асрда Тошкентда ташкил этилган илк литотипографияларда чоп этилган тошбосма ва литотипография китоблари ўрин олган...

Мазкур ноёб меъморий обида билан танишаркансиз, унинг оригинал меъморий услубда барпо этилган гумбази ва унга чиқиш қурилмаси, бошқа обидаларда учрамайдиган ечимдаги 5 ҳужра, ёзги ва қишки зал меҳроблари, Қиблага қаратилган деворлардаги куфий хаттотлик битиклари, ўта маҳоратли ва иқтидорли Қўқон наққошлари қўли билан безатилган бир ярим аср давомида ҳам ўз рангини йўқотмаган шакл ва нақшлари эътиборингизни тортади.

Ҳашаматли ва 8 қарағай устунлар виқор билан кўтариб турган айвоннинг ўзи деворидаги ганч ўймакорлик намуналари, шифтлардаги наққошлик санъатининг мураккаб гириҳ ва ислими нақшлари билан безатилган. Бинонинг уч томонга чиқувчи икки табақали ўйма эшиклари ҳам тарихий меъморий обидаларда камдан-кам учрайдиган мисол ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, мўжазгина шу тарихий обидада 2021 йил декабрь ойнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети, АҚШнинг Миннесота коллежи ҳамкорлигида бир нечта маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Бу эса маданий меросларимизнинг тобора туризм объекти сифатида фаолият юритиши билан бир қаторда маънавият ва маърифат ўчоғи сифатида ҳаётини давом этиши, асл моҳиятига қайтишидан далолат беради.

“QUSHTUT” галереясида “Каллиграфия – қалбим нақшлари” номли халқаро хаттотлик кўргазмаси ва мастерклассини ташкил этилиши ҳам бунга яққол мисолдир.

Галерея ҳовлиси чет элдан келган меҳмонлар, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети жамоаси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, талаба ва ўқувчилар билан гавжум бўлди.

Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли хаттот, “Заррин қалам” халқаро мукофот совриндори Ҳабибулло Салиев, америкалик таниқли хаттот-каллиграф доктор Ал Хажж Вафаалар, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети декани Ривожиддин Каримов ва ироқлик журналист, профессор Аҳмад Абузайдлар ҳам иштирок этиб, ўзбек хаттотлик мактабларини ва каллиграфия санъатининг жаҳон маданиятида тутган ўрни ва мавқеи ҳақида сўзлаб беришди.

- Тарихда гуллаб-яшнаган Самарқанд, Қўқон, Бухоро, Хоразм, Тошкент хаттотлик мактаблари санъати нафақат ҳуснихат, балки барча элементлари билан мукаммал санъат асари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда бу миллий санъатимиз ҳам Ренессанс даврини бошидан кечириб, янгитдан туғилмоқда. Айниқса, ёш авлод вакилларининг ҳаттотлик санъатига тобора қизиқиши ортиб бораётгани аждодлардан қолган маданий меросни қадрлаш даври келганидан далолатдир, - деди хаттот Ҳабибулло Салиев.

Меҳмонлар кўргазма билан танишгач, хаттот Ҳабибулло Салиев ва доктор Ал Хажж Вафаа ўртасида қизиқарли ижодий беллашув ўтказилиши ёшларимиз учун кутилмаган ажойиб ҳодиса бўлди. Икки хаттот барчанинг кўз ўнгида маҳорат ва санъатини намоён қилишди. Дўстлик ва ҳамкорлик рамзи сифатида бир-бирлари билан қаламларини алмашишди. Шундан сўнг доктор Ал Хажж Вафаа ёшлар учун каллиграфиядан маҳорат дарси ўтказди. Тадбир давомида меҳмон маданий меросни сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшаётган Тошкент шаҳар ҳокимлигига, Ислом цивилизацияси марказига, Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейига ва “QUSHTUT” галереясига ўзининг шоҳ асарларидан саралаб, ҳар бирига дастхат қўйиб, совға қилди. “QUSHTUT” галереяси директори Мадина Орипова хаттот-каллиграфларни Фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.

– Кўргазмада 50 та замонавий бадиий каллиграфия композициялари намойиш этилган бўлиб, бу асарлар араб ёзуви оламининг қадимий хаттотлик санъати анъаналарига асосланган, – деди хаттот Ал Хажж Вафаа. – Каллиграфия асли ислом олами учун ҳуснихат санъати бўлиб, араб алифбосининг пайдо бўлиши билан юзага келган. Айниқса, араб ёзувининг кенг тарқалиши туфайли Мовароуннаҳр, яъни Ўзбекистон ҳудудида ҳаттотликнинг энг юксак ва мисли кўрилмаган даражадаги гуллаб-яшнаши каби тарихий жараён рўй берди. Ноёб хаттотлик санъати дунёга келди. Араб хаттотлигининг илк намуналари Саудия Арабистонидаги Мадина шаҳрида пайдо бўлган бўлса-да, унинг гуллаб-яшнаши айнан сизнинг юртингизда шаклланди. Мисол учун, энг қадимийлардан ҳисобланган Хитой каллиграфиясида фақат иккита ёзув услуби мавжуд. Араб хаттотлигида эса беҳисоб турдаги ёзув услублари бор. Бу хаттотлик турида қамиш ёки бамбук қаламлари билан шундай санъат асарлари яратилганки, бугунги кунда жаҳонда “Араб ёзуви куни” байрами ҳам нишонланиб келмоқда.

Ўзбекистондаги ҳам тарихий, ҳам замонавий биноларидаги кошин безакларида гириҳ ва ислими хаттотлик намуналарини кўриб кўзим қувонади...

Галереяга ташриф буюраётган сон-саноқсиз меҳмонларнинг, айниқса, ёшларнинг қадами узилмади. Баъзи меҳмонлар кўргазма иштирокчилари билан дилдан суҳбат қилишди. Ёшларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, яқин кунларда хаттот-каллиграфлар томонидан онлайн сабоқлар ўтказиб борилиши ҳақида келишилди. Бундай дарсларда ҳатто океан ортидан келган меҳмон ҳам узоқ масофдан бўлса-да онлайн иштирок этишини мамнуният билан билдирди.

– Ҳаттотлик – барча санъатлар ичида илк пайдо бўлган қироли ҳисобланади. “Қуштут” галереясида халқаро миқёсдаги хаттотлик кўргазмасининг очилиши бу - тарихий воқеа. Рости, шу масканнинг талаба ва ўқувчилар билан тўлганини, ёшларимизнинг хаттотлик санъатини ўрганишга бўлган иштиёқи баланд эканлиги мени ҳайратлантирди. Бундай маданий тадбирлар яна-да кўпроқ ва кенгроқ қамровда ўтказилиши кераклигини тушундим, – деди уста кулол, рассом Абдулвоҳид Каримов – Ёшларимизнинг хорижлик меҳмонларимиз билан бемалол инглиз, француз, немис, рус, араб тилларида сўзлашишларини, уларнинг закий ва илмли эканликларини кўриб қувондим ва бу тадбирни ташкил қилган ташкилотчилардан беҳад миннатдор бўлдим. Ўйлайманки, келажакда юртимизда хаттотлик санъати янада ривож топади.

Тадбир ҳақиқий маънавият, маърифат дарси бўлди. Талаба ёшлар ўзлари учун бир олам таассурот олишди. Буни уларнинг сўзларидан сезиш мумкин.

- “QUSHTUT” галереясида ўтказилган халқаро хаттотлик кўргазмасида қатнашиб, бундай тадбирлар биз ёшларни билим ва малакамизни орттиришимизда катта хизмат қилиши мумкинлигига амин бўлдим, – деди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 2-босқич талабаси Билолхон Ҳабибуллаев – Ўзим ҳам хаттотлик санъатига жудаям қизиқаман. Шу боис ҳозирги кунда бу борада билимимни ошириш учун тинимсиз изланяпман.

Юртбошимиз биз ёшлар учун кенг қамровли ишларни олиб боряптилар. Чет элдан малакали устозларнинг келиб, бизга таълим бериши – бу билим пиллапояларига кўтарилиш учун катта имкониятдир. Устозларим Ала Саид қисқа вақт ичида бизга араб тили грамматикасини мукаммал ўргатган бўлса, доктор Ал Хажж Вафадан араб ёзувларининг тартиб-қоидаси, қоғозлардан фойдаланиш, сиёҳ тайёрлаш сирларини ҳам ўрганиб олдим.
Шуни мамнуният билан айта оламанки, бундай тадбирлар, кўргазмалар биздек ёшларга жудаям зарур.

“QUSHTUT” галереяси жойлашган меъморий обида ўз тарихида кўп жабр кўрган бўлса-да, бугунги кунда юртимизнинг туризм салоҳиятига, ёшлар учун ватанимиз, шунингдек, Тошкент шаҳри тарихини мукаммал ўрганишлари йўлида хизмат қилишга киришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1128 times

Янгиликлар

Top