Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ҳақидаги китоблар Пешовар университетига тақдим қилинди

Пешовар университети ҳузуридаги Алишер Навоий марказида «H.E. Shavkat Mirziyoyev: A visionary statesman» (“Шавкат Мирзиёев: узоқни кўра биладиган давлат арбоби”) номли таҳлилий мақолалар китоб-тўплами тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимизнинг Исломободдаги элчихонаси маълумотига кўра, китоб-тўплам дипломатия миссияси томонидан Исломобод глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази (ГСТМ) билан ҳамкорликда нашр этилган бўлиб, унда Янги Ўзбекистон эришган ютуқлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, ички ва ташқи сиёсат, хусусан, минтақавий ва глобал ташаббуслар, жумладан, Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро конференцияда илгари сурилган 10 та ташаббусга бағишланган 14 та таҳлилий материал жамланган.

ГСТМ ижрочи директори Ҳолид Таймур Акром тўплам нусхаларини Пешовар университетининг Минтақавий (Россия, Хитой ва Марказий Осиё) тадқиқотлар маркази директори, профессор Шабир Аҳмад Хонга топширди.

Профессор Шобир Аҳмад Хон Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон минтақадаги қудратли мамлакатга айланганини таъкидлади. Эксперт Ўзбекистон раҳбари томонидан Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган ташаббусларни алоҳида қайд этди.

Шунингдек, у бундай академик ташаббуслар икки минтақа маданияти ва ижтимоий-иқтисодий динамикасини ўзаро англаш учун зарурлигини таъкидлади.

Китоблар Пешовар университети кутубхонаси ва Алишер Навоий марказига топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1095 times

Янгиликлар

Top