Ўзбекистон янгиликлари

Саудияда "Ўзбекистон – уламолар юрти" номли китоб тақдимоти ўтказилади

Мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан Саудия Арабистони ишбилармон доиралари вакиллари, ўзбек диаспораси вакиллари - Абдулазиз Марғилоний, Усома Қўқондий ва журналист Абдулазиз Қосим билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижда яшаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, бизнес юритиш борасида яратилаётган қулайликлар, республиканинг инвестиция, экспорт ва туризм соҳаларидаги салоҳияти ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Тадбиркор Абдулазиз Марғилоний Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида сайёҳлик иншоотларни қуриш лойиҳалари юзасидан қизиқиш билдирди. Жумладан, у Ўзбекистонга инвестициялар киритиш мақсадида ташкил этилган «Silk Valley» компанияси Тошкент шаҳрида меҳмонхона қуришни режалаштирганини маълум қилди.

Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консули ҳозирги кунда Ўзбекистонда инвесторларга барча зарур шароитлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашувда саудиялик журналист Абдулазиз Қосим Бош консулхона кўмагида нашрга тайёрланган «Ўзбекистон – уламолар юрти» номли китобининг тақдимотини биргаликда ўтказиш таклифини билдирди. Бундан ташқари, у Ўзбекистоннинг тоғ туризми имкониятларига бағишланган алоҳида китоб ёзишни таклиф қилди.

Ушбу таклиф мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси томонидан юқори баҳоланди.

Тадбир интиҳосида Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга қизиқиш билдираётган Саудия Арабистони компанияларининг вакиллари билан инвестициялар ва экспорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадидаги учрашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1509 times

Янгиликлар

Top