Ўзбекистон янгиликлари

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 147 йиллиги...

Маърифатпарвар жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби – Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили 19 январда Самарқандда туғилган.

Олимлар фикрича, аллома ўн саккиз ёшидан қозихонада мирзалик қилади, қози, муфтий даражасига кўтарилади. Беҳбудий ҳаж сафарида бўлган чоғида Арабистон, Миср, Туркия каби давлатларда бўлган.

Беҳбудий Туркистонда биринчилардан бўлиб янги усул мактабларини ташкил қилиш ва улар учун дарсликлар ёзган тараққийпарварлардан саналади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий "Рисолаи асбоби савод" ("Савод чиқариш китоби", 1904), "Рисолаи жуғрофияи умроний" ("Аҳоли географиясига кириш", 1905), "Мунтаҳаби жуғрофияи умумий" ("Қисқача умумий география", 1906), "Амалиёти ислом" (1908), (1909) каби китобларни чоп эттиради.

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1917 йил ноябрь ойида ташкил топган Туркистон Мухторияти асосчиларидан бири, ўлка халқларининг истиқлоли йўлида маънавий йўлбошчиларидан бўлди. Аллома шўролар, коммунистик мафкура тизимининг қинғирликлари, кирдикорларини кўра билган. Миллатни таназзулга етакловчи иллатларни рўй-рост фош этган. Маърифат йўлида эл-улус кўзини очишни умр мазмуни, деб билган.

Мамлакатимиз етакчиси ғояси асосида 2020 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Маърифатпарвар жадид бобомиз ҳаёти, фаолиятига оид ҳужжатли фильм суратга олинди. Унинг асарлари чоп этилмоқда.

ЎзА хабарига кўра, пойтахтимиздаги "Адиблар хиёбони"да Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали ўрнатилди. Айни пайтда олимларимиз Беҳбудий фаолиятига оид ҳали кўплаб тадқиқотлар олиб борилиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Бу эса маърифатпарвар жадид боболаримиз ҳаётига оид янги маълумотларга эга бўлишга замин яратиши, шубҳасиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1241 times

Янгиликлар

Top