Ўзбекистон янгиликлари

Коронавирус инфекцияси янги штаммининг аҳоли ўртасида тарқалиш хавфининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тавсияларига асосан 2022 йилнинг 24 январидан бошлаб, бир ой муддатда барча олий (давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар) ва профессионал таълим муассасалари дарс машғулотлари онлайн шаклда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий ва 10 та ўрта махсус диний таълим муассасаларида ҳам ўқув-машғулотлари онлайн тарзда юқори савияда ташкил этилган. Хусусан, барча диний таълим муассасалари замон талаблари даражасидаги ўқув ва техника воситалари, оптик толали интернет тармоқлари билан жиҳозланган.

Бугунги кунда барча диний таълим муассасаларида педагог-ўқитувчилар тасдиқланган дарс жадваллари асосида махсус ўқув хоналарда Zoom ва Telegram иловалари орқали видео ва аудио шаклда талабаларни масофадан туриб ўқитишмоқда.

Жорий йил 24-29 январь кунлари давомида диний таълим муассасаларида Zoom дастури орқали 228 та, Telegram иловасидан 503 та онлайн видео, 518 та аудио, 103 та офлайн видео дарслар олиб борилди. Шунингдек, 88 та маъруза матни ва 42 та слайд тайёрланди.

Диний таълим муассасаларидаги онлайн дарс жараёнларини сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимизда батафсил ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими

Read 1427 times

Янгиликлар

Top