Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳнинг уйларидан бири “Уста Фарҳод” жомесини обод қилайлик!

Масжидлар – намозларни жамоат билан адо этадиган, илм-маърифат оладиган жой. Бу ер Аллоҳнинг тоати ва зикри билан машғул бўлинадиган маконлар бўлгани учун «Аллоҳнинг уйлари» дея васф қилинади. Шу боис мўмин-мусулмонлар уни обод этишга ошиқади. Аммо бу иш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Шу кунларда Бухоро вилояти Жондор тумани марказидаги “Уста Фарҳод” жомеси замонавий тарзда янгидан қурилмоқда. Кейинги йилларда масжидга келаётган жамоат сони ортгани боис маҳаллий аҳоли мурожаатига асосан мутасадди вакиллар жомени қайта қуриш бўйича ижойиб қарор қабул қилишди.
Масжиднинг янги биноси қурилиши пандемия даврида бошланди. Ҳозирда ҳашар йўли билан барпо этилаётган жоменинг қурилиш ишлари жадал суратда кетмоқда. Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тўйи арафасида уни битказиш режалаштирилмоқда.

Янги барпо этилаётган масжид мажмуасининг умумий майдони 60 сотиxни ташкил этади. Жоменинг ертўла, катта хонақоҳининг биринчи ва иккинчи қаватлари билан қўшиб ҳисоблаганда 6300 кишини сиғдиради. Икки ёндаги айвонларда эса бир вақтнинг ўзида 1000 киши бемалол ибодат қилиш имконига эга бўлади. Аёллар учун ажратилган намозхонада эса 70 киши намоз ўқиши мумкин бўлади. Ушбу масжид 12 та маҳаллага ва ҳудудга келган маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга хизмат қилади.

Баландлиги 25 метрли минораси ҳамда катта хонақоҳнинг айланаси 24 метрли ва баландлиги 21 метрли гумбази жомега ўзгача маҳобат ва кўрк беради, иншоаллоҳ.

Замонавий таҳоратхонада бир вақтнинг ўзида 150 киши фойдаланиши мумкин бўлади. Ҳозир унинг пойдевори тайёр. Келгусида намозхонлар совуқ ва иссиқ кунларда мукаммал таҳорат олиши учун барча зарур шароит қилиш режа қилинган. Шунингдек, мажмуада имом ва имом ноиби, отинойилар, ҳисобчи хоналари, кутубхона, ошхона ва қаровулхона каби қўшимча бинолар ўрин олган.

Жондор туман марказида янги жоме масжид Ислом санъатининг яна бир ёрқин намунаси бўлади, иншоаллоҳ.

Маълумот учун, масжид илк бор 1992 йили қурилган, ҳудудда намозхонлар сони ортгани, мавжуд бино торлик қилиб қолгани учун 1995 йил ҳамда 2008 йилларда жоме қайта қурилади. Жомега 1992-2010 йилларда Мирамин домла Ҳайитов, 2010-2016 йилларда Собир домла Раҳимов имомлик қилган бўлса, 2016 йилдан буён Асқад домла Раҳмонов ушбу лавозимда фаолият юритиб келмоқда. Мирамин домла ташаббуси билан илк бор қурилган 100 кишилик масжид номи пойкентлик уламо, ўн бешинчи асрда Бухоро амирининг мирзо (котиб) лавозимида ишлаган “Мирза Содиқ Мунший” ҳазратлари номи билан аталган. 1995 йили тумандаги тадбиркор уста Фарҳод ҳожи ўз ҳисобидан масжиднинг 150 кишилик янги биносини қуриб халққа тақдим этади. Шу боис масжид номи “Усто Фарҳод” деб ўзгартирилган. 2008 йили Мирамин домла бошчилигида масжид биноси янгиланиб 450 кишини сиғдириш имконига эга бўлади.

Қуръони каримда масжидларни обод қилувчилар бундай васф қиланади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Абу Саид Худрийдан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло айтади: «Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир» (Абу Нуайм ривоят қилган).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси қудсийдан маълумки, масжидларни фақат иймонли ва амалли кишиларгина обод этади. Демак, ҳар бир мусулмон ва муслима бундай улуғ масканнинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуриши лозим экан.

Шундай экан, масжидларни обод қилиш учун ҳар биримиз хоҳ хайриямиз, хоҳ касб-ҳунаримиз ё дуомиз билан кўмакдош бўлайлик. Зеро, эҳсоннинг катта-кичиги бўлмайди. Чин кўнгилдан қилинган эзгуликнинг ажри зиёда бўлади, иншааллоҳ. Унутманг, эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир!

Ҳимматли ва саховатли ҳар бир мўмин-мусулмон ҳамюртимиз Ҳақ таолонинг уйларидан бири “Уста Фарҳод” масжидига хайрия ва эҳсон қилиши мумкин:

Жоме реквизитлари: Ҳ/Р-20212000004241545001, ИНН-202977526, МФО-00096, Жондор Агро банк.

Read 1430 times

Янгиликлар

Top