Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон май ойида саёҳат қилиш учун жозибадор жой сифатида эътироф этилди

Буюк Британиянинг нуфузли «The Times» газетасида «Май ойи қаерда ҳаво иссиқ бўлади?» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақолада баҳорнинг сўнгги ойида саёҳат қилиш учун дунёдаги энг яхши жозибадор жойлар рўйхати тақдим этилган. Британия нашри ушбу рўйхатга Ўзбекистонни ҳам киритди.

Муаллиф Ричард Меллор 2019 йил баҳор фаслида мамлакатимизда бўлган.

Нашрда Шимолий яримшарда қиш ойлари якунига етгач, кўпчилик дам олш учун Жанубий Европа мамлакатлари, хусусан, Италия, Греция ва Туркияни танлаши таъкидланган. Баҳор фаслида Тунис ўзининг тарихий диққатга сазовор жойлари, Япония гулларга бурканган боғлари, Замбия ва Шри-Ланка эса ёввойи табиати билан сайёҳларни жалб этади. Шу билан бирга, муаллиф май ойида узоқ муддатли таътил учун Буюк Ипак йўли йўналишида жойлашган Ўзбекистондаги тарихий шаҳарлар бўйлаб сафар қилишни тавсия этади. Унинг ёзишича, Ўзбекистонда бу даврда ўртача ҳарорат 20 даражадан ошади. «Бу пайтда Тошкентдаги қадимий Чорсу бозори ўрик, олма, қулупнай каби баҳорий мевалар билан тўлади, - деб қайд этади нашр. – Шарқ бозорининг муҳити, турли зираворлар ҳиди ва тандирда янги пиширилган нон иси кишига лаззат бағишлайди».

Ричард Меллор ўқувчиларга Тошкентдан кейин, албатта, Самарқандга боришни тавсия қилади. «Ушбу муҳташам ва қадимий шаҳар мовий гумбазли масжидлари, Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуаси билан машҳур», - дея қайд этади мухбир.

Журналист, шунингдек, Буюк ипак йўлида жойлашган яна бир шаҳар -Бухорони ҳам зиёрат қилиш зарурлигини таъкидлаган. «Бухоро шаҳри марказида жойлашган муаззам минора сизни, албатта, ўзига мафтун этади. Қуруқ ва илиқ ҳавоси май ойини саёҳат қилиш ва унутилмас таассуротлар олиш учун энг муносиб вақтга айлантиради», - деб ёзади муаллиф.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1157 times

Янгиликлар

Top