Бугун бутун юртимиз бўйлаб мўмин-мусулмонлар ибодат қилиш, гўзал мавъизалар эшитиш, руҳий озиқ олиш учун жоме масжидларда ҳар қачонгидан кўра кўпроқ жам бўлишди. Айниқса, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташрифларини эшитган кишилар пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” жомесида ҳозир бўлишди.
Аллоҳ таолонинг ушбу байтида жам бўлган жамоат дастлаб қорининг Қуръон тиловатидан қалблари юмшаб, сокинлик ва сакинат баҳра олишди. Сўнгра Муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг жума суҳбатларини тингларкан, бу ерга жам бўлган мусулмон биродарларнинг қалблари ошнога айланди.
Муфтий ҳазратлари сўзлари давомида барча инсоният аслида бир ота-онадан вужудга келгани, ҳамма бир-бирига оға-ини, опа-сингил экани, Ислом бутун инсониятга юборилгани, мусулмон киши ўзи яхши кўрган нарсасини бошқаларга илина олиши, инсонлар бир-бирини яхши кўриши орқали икки дунёда саодатга эришиши мумкинлиги тўғрисида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларидан иқтибос келтириб, қуйидагича шарҳлаб бердилар:
– Аллоҳ таоло ислом умматини бошқа умматлар ичида ўрта уммат қилган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Шунингдек, сизларни (мусулмонларни бошқа) одамларга (умматларга) гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (Бақара сураси, 143-оят).
Ояти каримадаги “ўрта уммат”нинг маъноси адолатли, энг яхши ва турли фазилатларга эга бўлишдир. Мана шу ояти карима далолати билан Ислом уммати афзал уммат ҳисобланади. Бунга қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилиб туради: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят). Демак, Ислом умматининг фазилати Аллоҳ таолога имон келтиргандан сўнг инсониятни эзгуликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш экан.
Якунда Муфтий ҳазратлари хайрли дуолар қилдилар, жамоат “омин” деб турди.
Муфтий ҳазратларининг “Олтинтепа” масжидидаги жума суҳбатлари батафсил томоша қилинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати