Ўзбекистон янгиликлари

Тангаларни ўрганиш тарихнинг кемтик жойларини тўлдиради

Бугунги кунда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи саҳифаларини ёритишга ёрдам берадиган бир талай ашёлар маҳаллий аҳоли қўлида ҳам сақланиб келмоқда. Уларни ўрганиш тарихнинг баҳсли масалаларини ечишда катта ёрдам бериши мумкин. Бундай ашёларнинг бир тури қадимий тангалардир.

Шахсий жамланмаларда асраб-авайлаб келинаётган ана шундай тангалардан бири 2021 йилнинг декабрь ойида ўрганиш учун олинди. Бу танга дастлабки ҳолатида кераксиз, занг босган буюмдек таассурот уйғотади. Танга зангдан тозалангандан сўнг, мисдан ясалганлиги аниқ бўлди ва унга туширилган ёзувлар кўринди. Тангани текшириш натижасида оғирлиги 3,15 грамм, диаметри 24 миллиметр, қалинлиги 1 миллиметр эканлиги, ҳар иккала томонига қавариқ шаклда, куфий хатида бу фулс (мис танга) ҳижрий 305 (милодий 917 – 918) йилда Тункат-Илоқда Наср Аҳмад ўғли номи билан зарб қилинганлиги аниқланди.

ТАНГАДА ҚУЙИДАГИ ИФОДАЛАР АКС ЭТГАН:

Танганинг олди томони ўрта қисмида жойлашган ҳалқа ичига «нуқта» ва уч қаторда «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, у ёлғиз, унинг шериги йўқ (لاا له الا الله وحده لاشرىك له )” калимаси, танганинг айланаси бўйлаб четига, юқоридан соат тилига тескари ҳолатда «бу танга Аллоҳ номи билан 305 йили Тункат-Илоқда зарб қилинди (بسم الله ضرب هذا الغلس.تنوكتاىلاق سنه خمس وثلثماىة)«ёзуви туширилган.
Танганинг орқа томони ўрта қисмида нуқтачалардан ҳосил бўлган ҳалқа ичига, беш қаторда «Аллоҳ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, Наср (نصرللهمحمدرسولالله)”, танганинг айланаси бўйлаб четига, юқоридан соат тилига тескари ҳолатда «Саййид амир Наср Аҳмад ўғли буйруғи, Аллоҳ уни асрасин (مما امر به الاميرالسيد نصر بن احمد اعزه الله) ёзуви туширилган.

Ушбу фулс (мис танга) нафис ва жуда бежиримлиги, нақшинкорлиги билан ўз даврида ишлаб чиқарилган динор (олтин танга) ва дирҳамдан (кумуш танга) қолишмайди. Динор, дирҳам, фулс тангаларга туширилган ёзув ва безаклар бир хил бўлиб, улар фақатгина металига кўра фарқ қилган.

Тангада номи келтирилган амир Наср (906 – 943) ўзбек давлатчилигида муҳим ўрин тутган, ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ҳамда Покистоннинг шимолий ҳудудларини бирлаштирган Турон ва Эронда ҳукмронлик қилган сомонийлар сулоласининг (819 – 1005) етакчиларидан бири Аҳмад Исмоилнинг (907 – 914) ўғли бўлган. У саккиз ёшидан, яъни отасининг 914 йили юз берган вафотидан 943 йилгача ҳокимиятни бошқарган. Юқорида келтирилган танга айнан унинг ҳукмронлиги остида, ҳозирги Оҳангарон водийсини эгаллаган Илоқ вилоятининг марказий шаҳри Тункатдаги зарбхонада унинг топшириғига биноан ишлаб чиқарилган. Бу танга маҳаллий савдо-сотиқ ишларида кенг муомалада бўлган.
Маҳаллий аҳоли қўлида сақланиб келинаётган бу каби тангаларнинг келажакда тегишли давлат музейлари ва муассасаларига топширилишига умид қилиб қоламиз. Шундагина улар узоқ йиллар музей кўргазмаларидан муносиб жой олиб, ташрифчиларнинг эътирофига сазовор бўлади, уларни ўрганиш тарихнинг кемтик жойларини тўлдиради.

Дилмурод Нормуродов,
Фанлар академияси Тарих институти бўлим бошлиғи, ЎзА

Read 1367 times

Янгиликлар

Top