Ўзбекистон янгиликлари

Президент Имом Бухорий мажмуаси қурилиш лойиҳаси билан танишди

Шу йил 7 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Маълумки, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Унинг қурилиши ўтган йили Рамазон ойида бошланган эди. Бугунги кунда бинолар қад ростлаб, пардозлаш ишларига оз фурсат қолди. Тақдимотда мажмуанинг ички ва ташқи кўринишига оид чизмалар кўриб чиқилди.

«Унга кўра, мажмуа деворлари миллий нақшлар, пардозбоп тошлар билан сайқалланади. Имом Бухорий бобомиз мақбарасида наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади. Барча пардозлаш ишларида ёрқин, “иссиқ” ранглардан кўпроқ фойдаланилади», - дейилади давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мажмуадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида Имом Бухорий мақбараси ҳозирги кўриниши сақланган ҳолда реконструкция қилинмоқда. Янги лойиҳага асосан 8 минг ўринли масжид қурилиб, мажмуа атрофида тўртта улкан минора ва ҳозирги айвонларга қўшимча равишда ички ҳамда ташқи айвонлар барпо этилмоқда.

Маҳаллий ва хорижлик зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, халқаро андозаларга мос келадиган маиший хизмат ва санитария-гигиена шохобчалари қурилиши кўзда тутилган. Мажмуада қурилиш-бунёдкорлик ишлари жараёнида бу ердаги тарихий ҳавуз ва бир неча юз йиллик чинор дарахтларига зиён етказилмай, ўз ҳолида сақлаш учун барча зарур чоралар кўрилиши айтилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1373 times

Янгиликлар

Top